Президентнинг янги китоби: “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон”

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган янги китобида Ўзбекистоннинг бугунги янги қиёфаси, мамлакатимизнинг жаҳон тараққиётида тутган ўрни ва мавқеи кенг ёритилган.

Шунингдек, мамлакатимизнинг муҳим халқаро ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаол иштироки, долзарб масалалар бўйича илгари сураётган кўплаб ташаббусларининг мазмун-моҳияти ушбу кенг қамровли, фундаментал асарда чуқур таҳлил ва далиллар, аниқ фикр-мулоҳазалар асосида теран ёритиб берилган.

Китоб қуйидаги сўзлар билан бошланади:

“Тарих синовларидан ўтган ҳақиқат шуки, ўзини ўзгартиришга қодир бўлган, вақтни – имкониятга, имкониятни ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ – буюк халқдир.

Бундай халқ, ҳеч шубҳасиз, ҳаётни ҳам, ижтимоий муҳитни ҳам ўзгартира олади, кўзлаган мурод-мақсадларига албатта эришади.

Мен ана шундай улуғ эътиқод билан яшаётган халққа раҳбар бўлиб, одамларни ҳаётдан рози қилиш, уларнинг қалбидаги эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлида хизмат қилишни ўзим учун улкан шараф ва масъулият деб биламан”.