Прокуратура жуда жиддий ташкилот: Бу уларга мурожаатга жавоб бермаслик ҳуқуқини берадими?
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунни эшитгандирсиз.
Ўша қонуннинг 28-моддасига кўра, давлат органи ёки уларнинг мансабдор шахси ўзига келган мурожаатни ўн беш кун ичида кўриб чиқиши шарт. Қўшимча ўрганиш ёки текшириш зарур бўлиб қолса, муддат бир ойгача чўзилиши мумкин. Аммо бу ҳақда мурожаат этувчи огоҳ қилиниши керак.
Айтайлик, белгиланган вақт ичида асоссиз равишда кўриб чиқилмади. У ҳолда нима бўлади?
Қонуннинг 38-моддасига қараймиз. Бундай ҳаракат(сизлик) тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлади, деб қайд этилган. Келинг, янаям аниқлаштирамиз. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддасига кўра, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ҳужжатларини бузиш энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Агар ўша ўзибўларчилик ортида шахсларнинг ҳуқуқ-эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етса, Жиноят кодексининг 144-моддаси “ишга тушади”. Бу энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваригача жарима, уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари нақд, дегани!
Энди бир гап. Қонун ҳужжатларига оғишмай амал қилинишини прокуратура тизими назорат қилади. Тўғрими?
Олайлик, кимдир мурожаатимизга ўз вақтида жавоб қайтармади. Прокуратурага шикоят қилиш керак. Улар текшириб, жазо тайинлаш учун судга юборади. Хўш, қонунда акс этган тартибни прокуратуранинг ўзи бузса-чи?
“Жомбой тонги” газетасининг жорий йил 11-сонида “Муаллимнинг қадри ошди(ми?)” сарлавҳали мақола чоп этилганди. Унда тумандаги 51-умумтаълим мактабининг бир гуруҳ ўқитувчилари томонидан таҳририятга қилинган мурожаат ва шу асосда ўтказилган журналистик суриштирув ёритилган.
Орадан кўп ўтмай туман халқ таълими бўлими мақолага муносабат билдирди. Унда айтилишича, масала мутасадди вакиллар иштирокида ўрганилган. Аниқланган ҳолатлар юзасидан Жомбой туман прокуратурасига тақдимнома киритилган.
2019 йилнинг 2 апрель куни иш натижаларини матбуотда шаффоф ёритилишини сўраб туман прокуратурасига хат юбордик. Мана, орадан 48 кун (!) ўтди. Таҳририятга на жавоб, на изоҳ тақдим этилди. Қонунлар меъёрда ишлашини назорат қиладиган ташкилот қонунни бузса, кимга мурожаат этиш керак?