Қадимги мисрликлар мушукларни нега ардоқлашган?

Мушуклар инсон билан қанча вақтдан буён ёнма-ён яшаяпти? Бу ҳақда ҳеч қизиқиб кўрганмисиз?

Бир манбага кўра, бу 10 минг йил, бошқасига кўра эса 6 минг йил. Аммо қадимги Мисрда мушуклар қачон қўлга ўргантилгани маълум.

Бу эрамизгача III минг йилликда рўй берган, яъни мушукларни хонакилаштиришга ўта зарурат мажбур қилган. Гап шундаки, Қадимги Миср қишлоқ хўжалиги мамлакати бўлган. Ҳар қандай аграр мамлакат сингари бу ерда ҳам кемирувчилар ҳосилга катта зарар етказган. Аввалига мушуклар кемирувчилар ва илонларга қирон келтирган. Кейинчалик каламушларни ҳам овлай бошлаган. Бу билан одамларни ўлат юқишидан сақлаб қолган.

Қизиғи шундаки, мушук қиммат ҳайвон бўлган ва уни фақат бадавлат кишиларгина сотиб олган. Кейинчалик мушуклар тез кўпайиши натижасида камбағаллар хонадонида ҳам пайдо бўлган.

Мушукларни муқаддас жонивор ҳисоблашган. Бу эрамизгача III мингинчи йилларда Бубастис шаҳри қурилганида рўй берган. Бу ерда илоҳо Бастга сиғинишган. Илоҳо ҳосилдорлик, хонадонларда хотиржамлик, оналик, хурсандчилик маъбудаси ҳисобланган. Маъбуданинг ташқи кўриниши – мушук бошли, аёл қоматли. Шу тариқа мушукларга сажда қилишган, дин томонидан қўриқланган. Агар мушук ўлса, жасадини мумиёлаб дафн қилишган. Эгаси 70 кун аза тутган. Мушуклар учун алоҳида қабристон мавжуд бўлган.

Т.Шомуродов тайёрлади.