Қандай касалликка чалинган болалар онлайн таълим олгани маъқул?
Бу ҳолатда боланинг саломатлик кўрсаткичларига эътибор берилади. Бу кўрсаткичлар 5 та гуруҳга бўлинади.
1-гуруҳ. Бунга сурункали касалликларга чалинмаган, текшириш пайтида бирон-бир касаллик аниқланмаган ва ўз ёшига мувофиқ жисмоний ҳамда ақлий жиҳатдан ривожланган соғлом болалар киради.
2-гуруҳ. Сурункали касаллиги бўлмаган, лекин айрим морфофункционал нуқсонлари бўлган ҳамда тез-тез (бир йилда 4 марта) дардга чалиниб турадиган болалардан ташкил топган.
3-гуруҳ. Сурункали касаллиги бор ёки компенсация даврида патологик ҳолати оғир бўлмаган болаларни бирлаштиради.
4-гуруҳ. Сурункали касалликлари бор, субкомпенсация даврида умумий ҳолати бузилган, ўзини ёмон ҳис эта бошлаган, ўткир юқумли касалликлардан сўнг тузалиши кечиккан болалар.
5-гуруҳ. Декомпенсация даврида бўлган, оғир сурункали касалликларга чалинган, камҳаракат, таълим муассасаларига қатнай олмайдиган ногирон болалардан иборат.
Саломатлик гуруҳини аниқлашда бола саломатлиги ҳақидаги маълумотларни ҳисобга олиш зарур.
Қоидага мувофиқ, 1-, 2-гуруҳдаги болалар умумтаълим муассасаларига қатнайди.
Онлайн таълим олиш асосан 3-, 4-, 5 -гуруҳдаги сурункали касалликлари бор, ушбу касалликларнинг зўриқиш даври аниқланган болаларга тавсия этилади.
Бу ҳақда Cоғлиқни сақлаш вазирлигининг ўқув-тарбия муассасалари бўйича бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Инобат Аҳмедова маълумот берди.