Қандай қилиб одамлар ўзларини почта орқали жўнатган?
Сал илгари сайтимизда ўтган асрнинг бошларида америкалик ота-оналар поезд чипталарида пулларини тежаш мақсадида ўз фарзандларини почта орқали жўнатгани ва австралиялик Режи Спирс 21 000 километрни пулсиз, почта қутисида йўл босиб ўтгани ҳақида ёзган эдик.
Ушбу мақола одамларнинг жўнатилишининг бошқа ҳолатлари ҳақида.
Ирода эркинлиги: Озод бўлишни мақсад қилган қул
Почтадан транспорт воситаси сифатида фойдаланган биринчи киши Генри Браун бўлган. Унинг мақсади саёҳат эмас, балки қулликдан қутулиш эди. XIX аср ўрталарида Генри Виржиния штатининг тамаки фабрикасида ишлаган, у хўжайини унинг хотини ва болаларини сотишга қарор қилмагунча қочиш ҳақида ҳатто ўйлаб кўрмаган. Йўқотадиган ҳеч нарсаси қолмаган Генри қуллик қўлланмайдиган эркин шимолий штатларга боришга қарор қилди. Дастлаб у пойабзал тикиш устаси Самюэл Смитга Филадельфияга бориб қулликка қарши жамият вакиллари билан учрашиб, режани муҳокама қилиши учун жамғариб қўйган пулларининг ярмини берди. Қочиш куни у ишга бормаслик учун қўлига кислота тўкди, кейин бироз сув ва печенье олиб, дўсти ёрдамида ўша пайтдаги машҳур Adams Express Company почта компаниясининг нафас олиш учун тешиклар қилинган ёғоч қутисида яширинди.
Тахминан бир кун ўтгач, жўнатма Генри Пенсильванияда кутиб олинди. Шундай қилиб, у 33 ёшида эркинликка эришди ва “Қути” лақабини олди. Кейинчалик “Генри Бокс Брауннинг ҳаёти ҳақидаги ўзи ёзган ҳикояси” автобиографиясини ёзди.
Омадсиз Чарльз
Савдо марказининг 25 ёшли ходими Чарльз Маккинли 2003 йилда севгилиси билан ажрашган, қарзга ботган ва тушкунликка тушган. У мамлакатнинг нариги томонида яшайдиган ота-онасига оғир ҳаёт шароитида қолгани тўғрисида шикоят қила олмади, бироқ уни чидаб бўлмас даражада уйига тортарди.
Хизмат ҳақини тўлов картаси орқали бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин бўлган юк ташиш компаниясига қўнғироқ қилиб, Чарльз ўзини “Диққат! Компьютерлар” ёзилган қутига жойлаштирди ва Нью-Йорк аэропортига етиб борди, у ердан эса “юк” Далласга учадиган самолётга орттирилди. Кейинчалик саргузашти тўғрисида Чарльз: “Бу саёҳат самолёт чиптасидан кўра қимматроқ эди, бироқ бу ягона йўл эди”, деб айтди.
Жўнатма Чарльзнинг ота-онаси уйига етказилгач сир очилди. Почтачи ёриқда одам кўзларини кўриб қолди ва полицияни чақирди. Бахтсиз саёҳатчи ҳибсга олинди. Тўғри, унга фақат чиптасиз пассажир сифатида айблов қўйилиши мумкин эди. Ахир қонун қути ичида учишни тақиқламайди-ку!
Муҳаббат ҳақи: ошифталик
Агар ҳозир романтикларни кундуз куни чироқ билан топа олиш қийин, деб ўйласангиз, 2012 йилда йилда хитойлик Ху Сенг билан содир бўлган воқеани эшитмаган экансиз. У ўзининг севгилиси Ли Ван учун энг яхши совға бўламан деб қарор қилди, қутига кириб, жўнатма етказилгач, унинг ичидан сюрприз сифатида сакраб чиқиш нияти бор эди. Дўстидан жўнатмани юборишни сўради. Аммо ҳамма нарса режадагидек бўлмади...
Етказиб берувчи корхона ходими манзилларни адаштириб юборди ва бахтсиз Сенг режалаштирилган “қамалиш”да 30 дақиқа ўрнига уч соат ўтиришга мажбур бўлди. Бундай бўлишини кутмаган ошифта қутида ҳаво учун тешик ҳам очмаган экан. Шу сабабли жўнатма ниҳоят ўз манзилини топганида, хитойлик аллақачон бўғила бошлаган эди. Зудлик билан шифокорларни чақиришга тўғри келди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.