Қарздорнинг асосий ҳисобрақамига акцептсиз тўлов талабномаси қўйиладими?

- Кредитлар бўйича ҳисобланган фоизларни ўз вақтида сўндирилмаган тақдирда, тижорат банклари томонидан қарздорнинг асосий ҳисобрақамига акцептсиз тўлов талабномаси қўйиш мумкинми?

Ж.СОБИРОВ,

Самарқанд шаҳри. 

- “Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида”ги низомда “Акцептсиз тўлов талабномаси - тўлов талабномасида назарда тутилган сумма маблағларни тўловчининг розилиги бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, тўловлар амалга ошириладиган ҳисоб-китоб ҳужжати” деб келтирилган.

Мазкур низомда банклар томонидан маблағларни тўловчининг кредитлар бўйича қарзлари ўз вақтида сўндирилмаган ҳолларда маблағлар акцептсиз ҳисобдан чиқарилиши белгиланган.

Кредит бўйича ҳисобланган фоизни ўз вақтида сўндирилмаган тақдирда, тижорат банки томонидан қарздорнинг асосий ҳисобварағига акцептсиз тўлов талабномаси қўйиш мумкин.

Б.СОЙИПОВ,

Марказий банк вилоят бош бошқармаси бош ҳисобчиси.

* * *

Кредиторга санкция қўлланилмайди

- Жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредит бўйича муддати ўтган қарздорликлари бўйича жарима санкциялари қай тартибда қўлланилади?

О.РАСУЛОВ,

Жомбой тумани. 

- Кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорликлари юзасидан қўшимча фоизлар, комиссия ва неустойка (штраф, пеня) ҳисоблаш ва уларни ундириш тижорат банки ва мижоз ўртасида расмийлаштирилган кредит шартномасига мувофиқ амалга оширилади.

Қонун ҳужжатларида қўшимча фоизлар, комиссия ва неустойка (штраф, пеня)ларни энг кўп умумий суммаси тузилган кредит шартномалари бўйича йиллик қарз суммасининг ярмидан ошиб кетмаслиги лозим.

Марказий банк томонидан барча кредит ташкилотларига 2020 йил 1 октябрга қадар:

- коронавирус инфекциясининг тарқалиши ва унинг олдини олиш учун жорий этилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздор - жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг мурожаатларига асосан реал даромадлари ва имкониятлари ҳамда вақтинчалик молиявий қийинчиликларни бартараф этилиш муддатларидан келиб чиқиб, кредит бўйича тўловларини қайтариш юзасидан имтиёзли давр бериш масаласини кўриб чиқиш;

- жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг муддати ўтган қарздорликларнинг кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмаслик борасида тавсиялар берилди.

Т.ҚОДИРОВ,

Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси бош юрисконсульти.

* * *

Банкоматлардан нақд пул олиш чекланади(ми?)

- Нақд пуллар вирус ташувчиси ҳисобланаркан. Шу боис банкоматлардан нақд пул олиш ҳам чекланадими?

Ж.БОЙМАТОВ,

Самарқанд тумани.

- Тўғри, жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти нақд пуллардан фойдаланиш вирус тарқалишига олиб келувчи каналлардан бири бўлиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган.

Шунга мувофиқ коронавирус пандемияси даврида вируснинг нақд пуллар орқали инсондан инсонга юқиши мумкин. Бунинг олдини олиш мақсадида Марказий банк томонидан жорий йил 24 мартдан барча банк муассасалари банк кассаларига келиб тушган нақд пуллар қайта саналиб, мультивак аппарати ёрдамида ўраб-боғлангандан сўнг камида бир ҳафта муддатда пул омборхоналарда алоҳида сақлангандан сўнг чиқим қилиш юзасидан кўрсатма берилган.

Банкоматлардан нақд пул олиш бўйича ҳеч қандай чекловлар жорий этилгани йўқ.

Ф.АҲМЕДОВ,

Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси нақд пул муомаласини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи.

* * *

“Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури бўйича кредит чекловлари йўқ

- Мен “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури асосида кредит олмоқчи эдим. Карантин вақтида тижорат банклари кредит бермайди, деб эшитдим. Шу тўғрими?

Й.ХУДОЙҚУЛОВ,

Пайариқ тумани.

- “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури асосида кредит ажратувчи банклар, яъни “Агробанк”, Халқ банки, “Микрокредитбанк” томонидан карантин вақтида мазкур дастур доирасида кредит ажратиш бўйича чеклов жорий этилмаган, кредитлар ажратилмоқда.

Ж.БАҲРИЕВ,

Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси тижорат банкларида давлат мақсадли дастурлари ижросини мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи.

 

Уй-жой қуриш учун ер олсам бўлади(ми?)

Уй-жойга эҳтиёжманд фуқароларга ер бериладими. Бунинг тартиблари қандай,  қайси ҳудуддан ва неча сотих олиш мумкин?

С.ОЛИМОВ,

Паст Дарғом тумани. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги қарорида якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш ва ер участкаларини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини бериш тартиби белгиланган.

Яъни, «E-IJRO AUKSION» ягона савдо майдончаси орқали ҳудудларда аукционга қўйилган ер участкалари билан танишиб бориш мумкин. Ўтказилган электрон аукцион савдоларига кўра жисмоний ва юридик шахслар электрон онлайн-аукцион орқали якка тартибда уй-жой қуриш учун битта ер участкасини йилда бир маротаба сотиб олиши мумкин. Ер участкалари фақат шаҳарсозлик ҳужжатлари (аҳоли пунктининг бош режаси ва аҳоли пункти тегишли қисмининг батафсил режаси лойиҳаси) билан таъминланган аҳоли пунктлари ҳудудларида берилади (аукционга қўйилади). Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларига, давлат ва хусусий уй-жой фондидаги ўзлари эгаллаб турган уй-жойни туман (шаҳар) ҳокимликларига ўтказаётган фуқаролар ва мулкдорларга  уларнинг аризалари асосида 0,04 гектаргача аукционсиз берилади.

Ер участкасини бериш бўйича имтиёзлар бир оилага бир марта (мулкдорнинг номига) берилади ва оиланинг бошқа аъзоларига татбиқ этилмайди. Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкасини олишга ариза туман (шаҳар) ҳокимлигига берилади.

Азамат НИШАНОВ,

вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси матбуот котиби.

 

Хусусий корхонани вақтинча бошқа шахс бошқари мумкин

- Корхонамиз Фарҳод қўрғонида, шаҳар марказидан 12 километр узоқликда жойлашган. Бугунги кунда ер солиғини қайси ставкада тўлаймиз?

А.ПИРБАЕВ,

“Shoxruxbek” МЧЖ раҳбари.

- Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрдаги “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунга асосан шаҳарлар ва посёлкаларда ер участкаларидан фойдаланганлик учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкаси Самарқанд шаҳрида 1 гектар учун 28 741 121 сўм қилиб белгиланган.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 432-моддасига асосан айланмадан солиқ тўловчи бўлмаган корхоналар, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи суммасининг ўн иккидан бир қисми миқдорида, ҳар ойнинг 10-кунигача тўлаши лозим.

* * *

- Хусусий корхона раҳбари ҳомиладорлик нафақасига чиққанда корхонага бошқа раҳбар тайинланиши мумкинми?

Н.АМИРОВА,

“Progres finans” хусусий корхонаси раҳбари.

- Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 11 декабрдаги “Хусусий корхона тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига (хусусий корхонани вақтинча бошқариш) асосан хусусий корхона мулкдори ўзи вақтинчалик бўлмаган тақдирда шу муддатда раҳбарлик вазифасини бажариб туришни бошқа жисмоний шахс зиммасига юклаш тўғрисида ёзма қарор қабул қилади. Хусусий корхона мулкдори муваққат раҳбарнинг хусусий корхона мол-мулкини тасарруф этишга оид ҳуқуқини чеклаб қўйиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

* * *

- 2019 йил давомида деҳқон хўжагигимизнинг маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни сотишдан тушуми деярли 700 миллион сўмни ташкил қилди. 2020 йилдаги солиқ соҳасидаги ўзгаришларга асосан қандай солиқларни тўлаймиз? Уларнинг ставкалари ҳақида маълумот берсансиз.

И.РЎЗИЕВ,

Самарқанд тумани.

- Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 408-моддасига асосан юридик шахс ташкил этган ҳолда ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари, шунингдек, майдони тўрт сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, томорқа ер участкасида банд бўлган ёки ушбу майдонда қорамол ёхуд эллик бошдан кам бўлмаган хонаки парранда парваришлаётган жисмоний шахслар ижтимоий солиқни йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баробари миқдорида тўлайди.

Мазкур кодекснинг 418-моддасига асосан мулкида ушбу Кодекснинг 419-моддасига мувофиқ солиқ солиш объекти, деб тан олинадиган мол-мулки бўлган жисмоний шахслар;

Шу жумладан, чет эл фуқаролари, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шунингдек, юридик шахс ташкил этган ҳолдаги ёки этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликлари жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи тўловчилари, деб эътироф этилади. Солиқ ставкалари Солиқ кодексининг 422-моддасида келтириб ўтилган.

Солиқ кодексининг 433-моддасига асосан мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар, шунингдек, юридик шахс ташкил этган ёки этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликлари жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи тўловчилари деб эътироф этилади. Солиқ ставкалари 1 квадрат метр учун мутлақ миқдорларда белгиланади. Солиқ ставкаларининг аниқ миқдорлари Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрдаги “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунининг 9-иловасида келтирилган.

Солиқ кодексининг 441-моддасига асосан деҳқон хўжаликлари сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчиси ҳисобланади. Белгиланган лимитлар доирасида ер усти ва ер ости манбаларидан олинадиган сув ресурслари учун солиқ ставкалари бир куб метр учун мутлақ миқдорда белгиланади.

* * *

- Корхонамиз кўп қаватли тураржой қуриб, сотиш билан шуғулланади. Қурилиш ишларининг тўхтаб қолмаслиги ва объектни ўз вақтида фойдаланишга топшириш мақсадида таъсисчилардан қурилиш материалларини устав фондига кирим қилганмиз. Айни пайтда квартираларнинг айримлари сотилган. Қолган қисмини эса таъсисчилар киритган қурилиш материаллари шаклидаги устав фонди миқдорида олиб чиқишни мўлжалламоқда. Бундай операциядан таъсисчилар ва корхона қандай ҳамда қанча солиқ тўлайди?

Ш.ҚУТЛИЕВ,

корхона раҳбари.

- Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида табиатнинг ёки инсон фаолиятининг (шу жумладан, интеллектуал фаолиятнинг) қиймат баҳосига эга бўлган ва реализация қилиш учун мўлжалланган ҳар қандай предмети товар деб эътироф этилиши белгиланган. Товарлар деб, хусусан, электр энергияси, маълумотлар базаси, ахборот, интеллектуал фаолият натижалари, шу жумладан, уларга бўлган мутлақ ҳуқуқлар эътироф этилади. Солиқ солиш мақсадида мулкий ҳуқуқлар ҳам товар деб эътироф этилади.

Шунингдек, номоддий хусусиятга эга бўлган, пулда ифодаланган баҳога эга мол-мулкка қаратилган ва ушбу мол-мулкдан мустақил равишда, унга боғлиқ бўлмаган ҳолда муомалада бўлишга қодир фуқаровий ҳуқуқ объекти солиқ солиш мақсадида мулкий ҳуқуқ деб эътироф этилади.

Бундан ташқари, кредиторнинг қарздорга талаб қўйиш ҳуқуқи, хўжалик жамиятининг устав фондида (устав капиталида) иштирок этиш улуши, қимматли қоғозлар, муаллифнинг (ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг) интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқи, шунингдек ҳуқуқларнинг замирида ётган мол-мулк билан боғлиқ, сотилиши ёки ўз мулкдоридан ўзга шахсга бошқача тарзда ўтказилиши мумкин бўлган бошқа турлари ҳам кириши белгилаб берилган.

Мазкур кодексда товарларга бўлган мулк ҳуқуқини ҳақ олиш асосида ўтказиш ёки ҳақ эвазига хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятларини бажармаганда гаровга қўйилган товарларни айирбошлаш ва ўтказиш товарларни ёки хизматларни реализация қилиш деб эътироф этилади. Кодексда назарда тутилган ҳолларда товарларга бўлган мулк ҳуқуқини бепул асосда ўтказиш ёки бепул асосда хизматлар кўрсатиш ҳам реализация қилиш деб эътироф этилади.

Юқоридагиларга асосан юридик шахсларга мулк хуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромадлари солиққа тортиладиган даромадлар ҳисобланиши ушбу кодексда белгилаб берилган. Яъни товар айланмалари чегаравий миқдоридан келиб чиқиб, умумбелгиланган солиқ тизимидаги ёки махсус солиқ тизимидаги солиқлар (айланмадан солиқ ва ресурс солиқлари) бўйича солиқ мажбуриятлари юзага келади.

Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 декабрдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунда қонуности ҳужжатлар нормаларига расмий шарҳни уларни қабул қилган ваколатли органлар томонидан бериши кўрсатилган.

Саволларга вилоят Давлат солиқ бошқармаси масъул ходими

Валишер ТЕМИРОВ жавоб берди.

  Импорт қилинган ўсимликда касаллик аниқланса

- Хориждан келтирилаётган ўсимлик ва кўчатларда ҳам касаллик кириб келиши мумкин экан. Бундай маҳсулотлар қандай тартибда текширилади ва касаллик аниқланганда қандай чоралар кўрилади.

О.ЗОҲИДОВ,

Оқдарё тумани.

  - Қонунчилигимизга кўра республика ҳудудига олиб кирилаётган ва олиб чиқилаётган ҳамда транзит тарзида ўтказилаётган карантин остидаги маҳсулотларга нисбатан бир қатор талаблар қўйилган.

Жумладан, бундай ўсимликлар карантин объектиларидан ҳоли бўлиши ҳамда унинг ҳар бир туркуми фитосанитария сертификатларининг асл нусхаси билан таъминланган бўлиши лозим. Фитосанитария сертификати ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотнинг зарарли организмлар билан зарарланмаганлигини тасдиқловчи экспорт қилаётган мамлакатнинг ўсимлик карантини ва муҳофазаси бўйича давлат органи томонидан бериладиган халқаро намунадаги ҳужжат ҳисобланади. Аммо фуқароларимиз томонидан касалланган ўсимликларни республикамизга олиб кириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.       

Мисол учун, яқинда республикамиз ҳудудига фуқаролар томонидан Туркия давлатидан олиб келинган 6 дона декаратив гул кўчати олиб келинган. Кўчатлар ўсимлик карантини Давлат инспектори томонидан везиувал назоратдан ўтказилганда касаллик аниқланди ва фуқарога тегишли тушунтириш берилиб, кўчатлар ҳудудий лабораторияга топширилди.

Мамлакатимзда ўсимликлар ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти учун етарли шароит яратилган, шу билан бирга импорт қилинаётган ўсимликлар карантини борасида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Саволга Самарқанд халқаро аэропорти ўсимликлар карантини чегара маскани инспекторлари А.ТУРСУНОВ ва У.ХОЛИҚОВ жавоб берди.