Қайси туманларда терминал орқали савдо тушуми камлиги маълум бўлди
Банк карточкалари орқали ҳисоб-китобларни ривожлантириш борасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари терминал ўрнатмасдан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас. Терминал орқали тўловни қабул қилишни рад этганлик учун 5 миллион сўм жарима солиниши белгиланган. Аммо вилоятимизда терминалдан фойдаланиш талабларига барча тадбиркорлар бирдек амал қилмаяпти. Бу эса банкдан ташқари нақд пул айланмасининг ортишига сабаб бўлмоқда.
Биргина октябрь ойини таҳлил қилганимизда вилоятда терминал орқали савдо ва пуллик хизматлардан ялпи тушум ҳажмида 28,9 фоизни ташкил этган. Бу республика бўйича ўртача 37,4 фоизлик кўрсаткичдан анча паст бўлиб, ҳудудлар орасида энг паст кўрсаткич ҳисобланади.
Банк карталарига кирим қилинган 825 миллиард сўм миқдоридаги иш ҳақи ва бошқа ижтимоий тўловларнинг тенг ярми, яъни 50 фоизи банкоматлардан чиқим қилинган. Ўрнатилган терминалларнинг 34 фоизи тадбиркорлик субъектлари томонидан умуман ишлатилмаган.
Ноябрь ойининг 20 кунида эса 890,1 миллиард сўмлик савдо ва пуллик хизматлардан тушумнинг 27,8 фоизи терминаллар орқали келиб тушган. Банк карталаридан кирим қилинган 663 миллиард сўм миқдоридаги иш ҳақи ва бошқа ижтимоий тўловларнинг 46 фоизи банкоматлардан чиқим қилинган. Ўрнатилган 32 069 та терминалнинг 10 380 таси ёки 32 фоизи тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлатилмаган.
Фойдаланилмаётган терминалларнинг ўрнатилган терминаллардаги улуши Ургут туманида 1 481 та (46 фоиз), Пайариқ туманида 580 та ( 44 фоиз), Булунғур туманида 462 та (44 фоиз), Нарпай туманида 322 та (43 фоиз)ни ташкил этди.
Савдо ва пуллик хизматлардан тушум таркибида терминаллардан тушган тушум улуши Ургут туманида 21 фоиз, Булунғур туманида 22 фоиз, Самарқанд ва Каттақўрғон туманларида 27 фоиз, Паст Дарғом туманида эса 29 фоиз фоиз бўлиб, бу бошқа ҳудудларга нисбатан паст.
Банк карталаридан нақд чиқим қилинган иш ҳақи ва бошқа ижтимоий тўловларнинг ҳажми Каттақўрғон шаҳри (62 фоиз), Ургут тумани (55 фоиз), Тойлоқ тумани (53 фоиз), Самарқанд шаҳри (51 фоиз)да нисбатан анча юқори.
Банкоматлар орқали банк пластик карталаридаги нақдлаштирилган маблағнинг январь-октябрь ойларида савдо тушумлари орқали банкка қайтиши туманлар кесимида таҳлил қилинганда Нуробод ва Паст Дарғом туманларида нақд пул маблағларининг 26 фоизи банкка қайтган бўлса, Ургут туманида бу борада 25 фоизлик натижа билан энг паст кўрсаткич қайд этилмоқда.
Барча тадбиркорлик субъектлари касса аппаратлари ва савдо терминалларидан фойдаланиш қоидаларига тўла риоя этишса, савдо ва пуллик хизматлардан тушумларининг ҳисоб рақамлари орқали айланишини таъминлашса, бу иқтисодиёт учун ҳам, жамият учун ҳам, қолаверса, корхоналар учун ҳам фойдали бўлади.
Марказий банк Самарқанд вилоят бош бошқармаси ахборот хизмати.