Қишлоққа тўйга бордим…

*Шеърий фельетон

 

Қишлоққа тўйга бордим, зап кийиниб шайланиб,
Сўнг иссиқ жой қидириб, қолди бошим айланиб.

Қақшаб кетди вужудим, бўлса эди бир кафт чўғ,
Бу уйда ҳам иссиқ йўқ, у уйда ҳам иссиқ йўқ.

Ордона қолсин свет, айбин ёпишолмади,
Бир «движок» топишди, ёғин топишолмади.

Ўтини йўқ, чўпи йўқ аммам чиқди ҳовлига,
Қайтиб келдикми ёки Николайнинг даврига?

Укамларнинг рангини кўриб ичим эзилди,
Набиражонларин ҳам азоблари сезилди.

Тўйга бормай мен ўлай, иссиқ жой сўрар эдим,
Қайси хонага кирсам, онамни кўрар эдим.

Келин бечора менга: “ Ўтиринг..” деб қистарди,
Мен ўтирсам оёғим ўрамоқни истарди.

Қўлларини ишқалаб, дилини тузлар эди,
Менинг кўнглимни топиш йўлини излар эди.

Ҳали эрта тўй, бугун худойини ерди эл,
Ўтганларни эслашни савоби бор, дерди эл.

Қишлоқдошларим ҳар қиш куни шундай малолдир,
Уларнинг азобини ёзиш амримаҳолдир.

Мен бир кеча тунадим, келиним ҳушёр эди,
Опам азоб тортмасин деган фикри бор эди.

Менга заҳмат чекдирмай, тадорик кўриб чиқди,
Печкасини ўчирмай, тун бўйи юриб чиқди.

Ачиниб кетдим роса, тўйга келмай мен ўлай,
Буларни нега қийнар, свет, газини бермай.

Шундай қорли, қировли Ургут элсиз ўсарми?
Халқ ҳолидан хабарсиз, ҳоким бова ўсалми?

Бир вақтлар бунда ҳам оқова газ бор эди,
Ҳар оила, ҳар бир уй кичик бир бозор эди.

Қаҳратон ҳам болалар, яйраб, ўйнаб ётарди,
Ҳар инсон ўз уйида, қувонч олиб сотарди.

Ўшанда ҳам шоирнинг ҳақ деб ақли озарди,
Отахон шоир халқнинг, тапписини ёзарди.

Ўшанда ҳам ҳаётни оши тортилар эди,
Ўшанда ҳам газимиз четга сотилар эди.

Свети ўчмас эди, қон қилиб ўғлонини,
Ечиб ётарди отам дўппи-ю, чопонини.

Ўшанда ёруғ, иссиқ бизга беминнат эди,
Қишда ҳам ёздагидек, уйимиз жаннат эди.

Ўшанда эслайсизми, виждон ухламас эди,
Ўзлари ўмариб, сўнг халққа юкламас эди.

Бир бурда нон еса ҳам кўпнинг қорни тўқ эди,
Оқова газ, светдан қарздорлиги йўқ эди.

Буларнинг муаммосин ечадиган киши йўқ,
Бир оч билан бир тўқнинг бугун асло иши йўқ.

Фикримни сал чалғитди, қўшни кампир матали,
Бурни оққан бола ҳам чақалоқнинг йўтали.

Тириклик дунёсида қора қиш хўп шитобсан,
Кимлар учун мол-у мулк, кимлар учун азобсан.

Ҳаммадан ҳам истакли, қизлар турар шошилиб,
Кўкариб кетган қўл-у оёқларин яшириб.

Ташқаридан уч-тўрт қиз кирди совуқ қувишиб,
Бурнигача кўкариб, идиш-товоқ ювишиб.

Келинлар келар бугун, совуқ уйлар кошона,
Одамларнинг тафтидан исиб борар тўйхона.

Мен қочаман, тўй... Укам...
Тугамайин муддао,
Ҳаммага қўшалоқ тўй насиб айласин Худо.

Икки куёв болани толеини кулдирсин,
Уйларини муҳаббат нурларига тўлдирсин.

Тонглар отсин хайру хуш, ўланлар туриб келсин,
Эшигидан гул сочиб, баҳорлар кириб келсин!

Яратганнинг мулкида юзларга кирсин ёши,
Шукур! – дейлик, шукурнинг чарақласин қуёши!

Мен совқотиб, кимнингдир жиғига тегдим, узр!
Юртнинг валламатлари, асл ҳақиқат шудир...

Сиз ҳам элга ош бериб, яшанг совуқ уйларда,
Газу светсиз қолиб, совуқ қотинг тўйларда.

Зотан, сизга етмас бу аччиқ-тизиқ хабарлар,
Хабарсиз ҳам “Халқим!” дер, инсофи бор раҳбарлар.

Шу халқ ҳаёт асоси, омон бўлсин илойим,
Ҳокимларга йўлингни ўзинг кўрсат Худойим!

Жумагул СУВОНОВА.