Қизил Ярим Ой ҳаракати муҳтожларга яқин кўмакчи
Самарқанд шаҳрида Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой ҳаракатининг 161 йиллиги муносабати билан тадбир ўтказилди.
Унда Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси бошлиғи ўринбосари Жак Барберис, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти вилоят ташкилоти раиси М.Арипова ва бошқалар иштирок этиб, аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини муҳофазалаш, тиббий маданиятини янада юксалтириш, турли фавқулодда вазиятларда тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришда Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг муҳим ўрни борлигини таъкидлади.
- Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг тиббий-ижтимоий фаолиятни тарғиб қилиш, аҳолининг санитарияга оид билимларини юксалтиришдаги хизматлари таҳсинга лойиқ, - дейди Жак Барберис. – Жумладан, Самарқандда ташкилотнинг аҳолида биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмасини мустаҳкамлаш, юқумли касалликлар профилактикаси борасида тушунтириш ишлари олиб бориш, кам таъминланган оилаларга кўмаклашиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишларидаги фаолиятини ижобий баҳолаймиз.
Аҳолининг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва биринчи ёрдамга ўргатиш бўйича 62 та ҳудудда ўқув ва амалий машғулотлар ташкил этилди.
- Вилоят ташкилоти томонидан 3350 нафар киши фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш асосларига ўргатилди, - дейди ташкилотнинг кўнгиллилар гуруҳи раҳбари Адҳам Мамараҳимов. – Улардан 1115 нафари кексалар ва имконияти чекланган шахсларни парваришлаш бўйича махсус курсларда ўқитилди. 160 нафар кўнгиллининг 30 нафари ўқитувчи-талаба бўлса, қолгани турли касб эгаларидан ташкил топган. Шунингдек, "Меҳр-шафқат" хизмати ходимлари 2200 нафардан зиёд якка-ёлғиз қария ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий, моддий ва молиявий хизматлар кўрсатиб келмоқда.
Тадбирда “Баркамол авлод” болалар мактаби тўгараклари аъзолари ҳам иштирок этиб, ўзлари ясаган ўқув қуроллари, миллий ҳунармандчилик намуналарини намойиш этди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.