Қўқонда норозилик билдириб, йўлни тўсган аёллар масаласи ўрганилди

Қўқонда газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози аёллар шаҳар ҳокимлиги олдидаги йўлни тўсди. Ҳолат тасвирланган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, Қўқон шаҳар ҳокимлигига 5-Вақф чорсу маҳалласидан табиий газ таъминоти бўйича мурожаат билан келган фуқароларнинг масаласи Қўқон шаҳар ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан жойига бориб ўрганилган.

Фуқароларга Қўқон шаҳри аҳолисини, шу жумладан, 5-"Вақф чорсу" ҳудудида яшайдиган фуқароларнинг хонадонларида табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида янги газ тақсимлаш станцияси барпо этилаётгани ва йил оҳиригача фойдаланишга топширилиши тушунтирилди.

Тез кунларда ишга тушадиган янги ГТС юқори босимли қувурдан тўғридан-тўғри табиий газ қабул қилиш имконини беради. Натижада 5-Вақф чорсу маҳалласида табиий газ таъминоти яхшиланади.

Маҳалла фуқаролари хонадонларини иситиш учун арзон нархларда кўмир ва хўжалик юмушлари учун суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Бу ишларнинг олиб борилиши алоҳида назоратга олинган.