Қорағуппа маҳалласида 104 та хонадон мебелчилик билан шуғулланади
Паст Дарғом тумани Қорағуппа маҳалласи аҳли мебелчилик билан шуғулланади. Бугун улар томонидан тайёрланаётган мебеллар сифати ва дизайни билан харидоргир бўлиб, Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Навоий, Жиззах вилоятларига сотилмоқда.
Туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган пресс-турда журналистлар маҳаллада бўлиб, бу ерда фаолият юритаётган мебелчилар иши билан яқиндан танишди.
- Мебель сифатли хомашёдан ясалса, ундан одамлар анча йил фойдаланади, - дейди “Меҳр мебели” оилавий корхонаси раҳбари Наби Ишнаев. – Масалан, биз стулларни ёнғоқ ёғочидан ясаймиз. Ёнғоқ дарахти кўп йиллик ўсимлик бўлгани учун ёғочи зич ва мустаҳкам бўлади. Ёғочга сув тўкилса ҳам шишиб кетмайди, ундан ясалган мебеллар анча йилга хизмат қилади.
Тадбиркорнинг айтишича, дастлаб у қашқадарёлик устадан мебелчиликни ўрганиб, маҳаллада шу касби ортидан меҳнат қилган. 2010 йилда бу касбини маҳалладошларига ҳам ўргатган. Бугун Наби Ишнаевнинг оилавий корхонасида 75 нафар ишчи 40 дан ортиқ турдаги мебель ясамоқда.
“Меҳр мебели” оилавий корхонасининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 12,1 млрд. сўмни ташкил этади. Корхона яқинда фаолиятини кенгайтириш мақсадида умумий қиймати 18,1 млрд. сўмлик қўшимча лойиҳани амалга оширмоқда.
- Маҳалла ҳудудидан тадбиркорлар учун 2,5 гектарлик майдонда кичик саноат зонаси ташкил этиляпти, - дейди Қорағуппа маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Жўрабек Рўзибоев. – Бу ердаги қурилиш ишлари бир ой ичида якунига етади. Сўнгра кичик саноат зонасида мебелчилик корхоналари иш бошлайди. Бу корхоналарга 500 нафар янги ишчи қабул қилинади. Дастлаб мебелсозлар томонидан ёшларга мебелчилик ҳунари ўргатилади, сўнгра ишга олинади.
Бугун маҳаллада 104 та хонадон мебелчилик билан шуғулланади. Бир нафар ишчи бир кунда 200-300 дона мебелнинг бутлов қисмларини ишлаб чиқариб, бир ойда 4,5-6 млн. сўмгача иш ҳақи олади. Бир оила эса бир ойда 10-12 млн. сўм атрофида даромад топади.
Пресс-турда журналистлар мебелсозлик ишининг бошидан охиригача бўлган жараёнлари, ишчилар меҳнати ва мебель дўконидаги тайёр маҳсулотлар билан танишди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.