Қорақалпоғистонлик 135 ёшли аёл Гиннеснинг рекордлар китобига киритилмаган. Нега?

Яқинда жаҳон матбуотида (жумладан Ўзбекистон нашрларида ҳам) 113 ёшида вафот этган япониялик Масадзо Нонакани дунёнинг энг узоқ яшаган инсони сифатида қайд этилди.

У 1905 йилнинг 25 июлида туғилган. Эндиликда дунёдаги энг кекса инсон мақоми 1905 йил 15 октябрда туғилган германиялик Густав Гернетга ўтар экан.

Шу хабарни ўқир эканман, дарҳол хаёлимга 2015 йили март ойида Қорақалпоғистонда вафот этган 135 ёшдаги Тўти момо Юсупова келди. Нима учун 113 ёшда вафот этган одамни бутун олам шов-шув қиляпти-ю, аммо 135 йил умр кўрган ўзбекистонлик онахонни ҳеч ким эсламайди?

Googl’дан қидирдим: дунёдаги энг кекса аёл сифатида франциялик Жанна Калман эътироф этилган. У 122 ёш билан Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Лекин 135 ёшдаги Тўти момо бу китобга киритилиши у ёқда турсин, интернетдан қидирсанг ҳам кўп маълумот чиқмайди.

Тўти момо ҳаёти давомида 3 та асрни кўрган. Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларига гувоҳ бўлган. Колхозлаштириш ишларида иштирок этган. 17 ёшида турмуш қурган. Эри 1940 йилда, битта қизи эса 1941 йилда вафот этган. Баъзи маълумотларда ўғли бўлганлиги қайд этилади. Тўти момо ҳаётининг охиригача чевараси Ҳасилбек Таджибаевнинг қўлида яшаган. 55 ёшни қаршилаётган Ҳасилбек аканинг таъкидлашича, момонинг ўғли бўлган ё бўлмаганлиги тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Биз қизининг фарзандларимиз, дейди.

– Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш бўйича таклифлар бўлди, – дейди Ҳасилбек Таджибоев. – Лекин момонинг ўзига ҳам, бизга ҳам бу таклифлар маъқул келмаган. Сабаби ортиқча оворагарчиликлар онахонни чарчатиб қўйиши мумкин эди. 135 ёшига кирганида хориждан, ўзимизнинг юртдан кўп журналистлар келди. Шунинг ўзи момога анча қийин бўлган эди.

Баъзи маълумотларга кўра, Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун унга масъул бўлган мутасаддилар қўлида тасдиқловчи ҳужжатлар бўлишига қарамай, момонинг ёшига шубҳа билан қараган.

Тўти Юсупова 1880 йил 1 июлда Россия империясининг Сирдарё вилояти Петроалександровск шаҳрида (ҳозирги Тўрткўл туманининг Шароф Рашидов қишлоғида) таваллуд топган.

Унинг ёшига илк бор партия фаоллари эътибор қаратган ва оммавий ахборот воситаларига маълум қилган. Кейинчалик у 100 ёшдан ўтган киши сифатида “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Тўти Юсупова ҳақида BBC телеканали ҳужжатли фильм тайёрлаган. “Қорақалпоқфильм” ҳам 2010 йилда “Уч асрнинг гувоҳи” номли ҳужжатли фильмни яратган.

Тўти момо Юсупова 2015 йилда вафот этганида унинг адаши бўлган машҳур актриса билан чалкаштирганлар ҳам бўлди.

Эр СУЛТОН.