Қўшработда 24 кун
Бу йилги меҳнат таътилимни Қўшработдаги уйимизда ўтказдим. Бошланиши яхши бошланди. 30 кишилик тўйда қатнашдим. Сой ёқалаб сайр қилдим. Таътилнинг иккинчи ярмида карантин талаблари кучайтирилиб, уйда қолдим.
Яхшилиқ амакининг ҳовлисида ўтган тўй унутилмас бўлди
Қишлоғимизда ҳовлилар тўй кўрмаганига ўн йиллар бўлганди. Карантин сабаб ўғил уйлантирадими, қиз чиқарадими ҳар ким тўйини ҳовлисида ихчамгина қилиб ўтказадиган бўлди.
Июнь ойининг бошида бир маҳаллада кунига ўнлаб ҳовлиларда тўйлар нишонланди, десам ишонаверинг. Тошбулоқ қишлоғида Яхшилиқ амакининг кенжа ўғли ҳам уйланди. У шу фарзандининг тўйини ҳовлида, дабдабали қилиб ўтказишни орзу қиларди. Кампири Саида аянинг қон босими тез-тез кўтарилавергач, ''кўзим очиқлигида тўй қилиб қолайлик'', деган қистови билан амаки қилган орзу қисман амалга ошди. Ҳовлида ўтган тўй дабдабали эмас, 30 кишилик базм тарзида ташкил этилди.
Яқин қариндошлар билан нишонланган бу шодиёна қатнашганларнинг барчасини бирдек хурсанд қилди. Туманда таниқли бўлган Ҳасан деган санъаткор мусиқа ва овоз кучайтиргич аппаратларини ўрнатиб, қўшиқ айтиш, ҳатто бошловчиликни ҳам эплади. Хоҳлаганлар дилдан суҳбат қилди, бошқалар ўйин-кулги.
- Бўларканку, - деди Яхшилиқ амакига кампири тўй тугагач. - Одамлар маросимлар ихчамлашяпти, 200 кишилик тўй бўладиган бўлса, яқин қариндошларни таклиф қилсак ҳам 500 дан кам бўлмас экан, дерди. Қаранг-а, қудалару ўзимизнинг қариндошлар 30 кишидан ошмай бир тўйни ўтказдик.
- Ҳеч бир қариндош ўпка-гинаям қилмади, - деди Яхшилиқ амаки. - Телефон орқали табриклаб қўяқолди. Бундай тўйнинг ўй-ташвиши ҳам кам бўларкан.
Яхшилиқ амаки йиллар давомида йиғиб келаётган, катта тўйга сарфланиши керак бўлган маблағи ҳам иқтисод бўлди. Шу пулга Саида аяни «каттароқ дўхтир»га кўрсатадиган, ўғлига машина олиб берадиган бўлди.
Булоқбошидаги булоқлар қуриб қолибди
Бир куни кеч пайти сой бўйига тушдим. Уйимиз яқинида болалигимдаги шўхликларимга гувоҳ бўлган сой бугун кўримсиз, карантиндан зериккандек гўё. Бу ердан 2-3 километр узоқликда жойлашган Булоқбоши қишлоғидаги булоқлардан бошланадиган, шошиб оқадиган сойнинг шашти анча пасайган. Сой бўйлаб Булоқбоши қишлоғи томонга юра бошладим. Тезда сойнинг бошига етдим. Бу сой энди Кўзтамғали қишлоғидан бошланадиган бўлибди. Булоқбоши қишлоғидаги булоқлар қуриб қолибди. Энди бу қишлоқ номини Кўзтамғали билан алмашса бўларкан, деган хаёл билан ортга қайтдим.
Бугунги кунда туман аҳолисининг аксарияти истеъмол учун ҳам, экин-тикин учун ҳам артезиан қудуқлари қазиб ер ости сувларидан фойдаланмоқда. Шу сабаб ҳам Булоқбошидаги булоқлар қуриб қолмадимикан?
Кўлни кўриб кўнглим кўтарилди
Сой ёқасида катта бир кўл бор. Бу кўлга ҳеч қаердан сув кириб келмайди, аксинча ундан чиққан сув сойга қўшилади. Бу кўл унинг тубидан қайнаб чиқаётган минглаб булоқларнинг сувидан ташкил топган.
Болалигимизда роса маза қилиб чўмилардик. Қайиқлар бор эди. Кўл яқинидаги истироҳат боғи, болалар оромгоҳи, ёзги кинотеатрлар, яна бир кичик кўл ва унинг устидаги кафе Қўшработнинг кўрки эди. Ҳозир биргина катта кўлдан бошқа ҳеч нарса қолмаган. Оромгоҳ ва истироҳат боғининг изи ҳам йўқ. Борига шукур. Болалик хотираларимни уйғотиб турадиган шу кўлни кўриб кўнглим кўтарилди. Бунда икки хил маъно бор: бири қуёш ботгач, уфқнинг қизариб туриши ва унинг кўлдаги аксини кўриб кўнглимнинг тоғдек кўтарилиши бўлса, яна бири кўлнинг балчиқ ва чиқиндилар билан тўлиб бораётгани ҳамда ундан таралаётган бадбўй ҳиддан кўнгил айниши маъносидадир.
Чиндан ҳам шу кунларда кўлнинг аҳволи анча оғирлашибди. Бир пайтлар суви тип-тиниқ эди. Булоқлардан қайнаб чиқаётган сув кўл тубидан юза қисмигача яққол кўриниб, сезилиб турарди. Бугунги кунда балчиқ ва чиқиндилар қоплаб бораётганидан “кўзлари юмилаётган” булоқлар ва улар билан “тирик” бўлган кўл кўмакка муҳтож. Бу ҳақда шу ерликлар бир неча бор “юқори”га мурожаат қилганлиги сабаб, газета ва телевидение орқали берилган танқидий материаллардан сўнг анча “машҳур” бўлиб қолган кўлга ҳозирча ёрдам қўлини чўзадиган тадбиркор топилмабди.
Аммо бу кўл тозаланса, яна минглаб булоқлар кўз очарди. Атрофга таралаётган ёқимсиз ҳид йўқолиб, ҳавонинг мусаффолиги таъминланарди. Тўғри, бунга анча маблағ ҳамда вақт талаб қилинади. Умид қиламизки, тез орада ишбилармон, ташаббускор тадбиркорлар бу ерни обод қилади. Ажабмас, яқин келажакда бу жой ажойиб бир туристик масканга айланса. Чунки кўл ва атрофида ана шундай маскан қилиш учун шароит бор.
“Сен бир дарахт, мен бир дарахт...”
Кўл ёқасида бир табиат мўьжизасига дуч келдим.
Бир катта кўктерак дарахти ёнидан бошқа бир кўктерак ўсиб чиққан ва икки дарахт танаси икки метрдан кейин қўшилиб кетган. Буни кўриб бир пайтлар машҳур бўлган “Сен бир дарахт, мен бир дарахт - бир-бирига интизор”, деб айтиладиган қўшиқ ёдимга тушди. Аммо бу икки дарахт бир-бирига интизор эмас, бирлашиб, бир тану бир жон бўлиб кўкка бўй чўзмоқда.
Коронавирус тоғлар орасига ҳам етиб борибди
Жума, шанба ва якшанба кунлари махсус машинада овоз кучайтиргич орқали уйда қолишни тарғиб қилаётган ички ишлар ходимларининг кўчамиздан ўтиб-қайтишлари бир тарафдан кишига хотиржамлик бағишласа, яна бир томондан кўнгилга совуқлик олиб келади.
Мамлакатимизга коронавирус инфекцияси кириб келиб, карантин эълон қилинган пайтларда ва яқин кунларгача қўшработликлар «Биз яшайдиган қирлар ва тоғлар орасидаги қишлоқларга газ билан электр энергияси етиб келмаганда коронавирусга йўл бўлсин», деб ҳазил қилишарди.
Туман ва шаҳарлар “яшил”, “қизил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларга ажратилганда ҳам бу туман узоқ вақт “яшил ҳудуд” бўлиб келди. Мутасаддилар томонидан бу кўринмас “ёв” туманга кириб боришининг олдини олиш мақсадида зарур чоралар кўрилди. Шунга қарамасдан, инфекция тоғлар орасидаги Қўшработга ҳам кириб борибди.
Маҳалламизда тарқалган миш-мишлар рост эканлигини туман ҳокимининг ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига қилган мурожаатида берилган маълумотлар исботлади. Афсуски, коронавирус деган бало ҳавоси мусаффо бўлган, қир-адирлар, тоғлар бағрига ҳам етиб бораркан. Шунинг учун ҳар ким қайси ҳудуд ва қандай шароитда яшашидан қатъий назар огоҳ бўлиши, ўзини ва яқинларини эҳтиёт қилиши талаб этилади.
«Узум-олма»дан татиб кўринг
Бу йилги меҳнат таътилим бироз оғир кечган бўлса-да нолимайман. Кўпроқ вақтим ҳовлимиздаги 3 сотих томорқага экилган мева-сабзавотлар ҳамда гулларнинг парвариши билан шуғулландим.
Айниқса, 1989 йилда акам билан бирга эккан олма дарахтидаги ҳосилни кўриб кўзим қувнади. Икки йилда бир марта мўл ҳосил берадиган бу олманинг нави фанда қандай аталишини билмайману, аммо биз оиламиз билан уни “узум-олма” деб атаймиз. Сабаби, олмалар новдада худди узумдек ғуж-ғуж бўлиб етишади. Ўзи олма бўлса-да, узум каби серсув ва хуштаъм. Келсангиз, бир татиб кўриб, таъмига ўзингииз баҳо берардингиз…
Ойнинг ўн беши ёруғ...
Карантин даврига тўғри келган меҳнат таътили ҳам кўз юмиб очгунча ўтди-кетди. Аслида Қўшработда ўтган 24 кун ичида туман бўйлаб саёҳат, мўъжизаларга бой диққатга сазовор жойларини зиёрат қилишни, янгиликлар ва ўзгаришларни кўздан кечириш ва уларни қоғозга туширишни ният қилгандим.
Қўшработдан Самарқандга қайтар эканман, ўтаётган ҳар бир дақиқа ғаниматлиги, ундан самарали фойдаланмасак, бугун бор нарса эртага бўлмаслиги мумкинлиги хаёлимдан такрор-такрор ўтаверди. Синовли кунлар ҳам тез орада ўтиб, Қўшработ ҳақида қизиқарли хабар ва янгиликларни сизга етказаман, албатта. Ишонаманки, ёруғ кунлар олдинда!
Тўлқин СИДДИҚ.