Қўшработда мактаблар сони яна биттага кўпайди

Бугун ўқувчилар, айниқса, биринчи синфга қадам қўйган жажжи болажонлар учун ҳаяжонли бўлган “Билимлар куни” тадбирлари Қўшработ туманида ҳам кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди. Бошланган янги ўқув йилида 2588 нафар қўшработлик болажонлар илк бор 1-синфга қадам қўйди. Уларнинг барчасига 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” топширилди.
Шу пайтга қадар туманда 88 та мактаб фаолият юритиб, ушбу таълим муассасаларида 26 мингга яқин ўқувчи таълим-тарбия олиб келарди. Маълумки, айрим коллежлар фаолияти тугатилиб, мактабларда 10-11 – синфлар қайта ташкил этилди. Натижада ўқувчиларга синфхоналар етишмаслик муаммоси пайдо бўлди. Мазкур муаммони бартараф этиш учун мактабларда қўшимча бинолар қурилиб, фаолияти тўхтатилган коллеж бинолари халқ таълими бошқармаси тасарруфига ўтказилди.
- Бугун “Билимлар куни” тадбирлари доирасида туманнинг Қўшработ маҳалласида жойлашган собиқ Қўшработ туман иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи биносида янги ташкил этилган 89-мактаб ўз фаолиятини бошлади, - дейди туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Дониёр Тошбоев. - Бино таъмирланиб, янги ўқув йилига мактаб ўқувчилари учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Мазкур мактаб ташкил этилгач, 50 нафарга яқин янги иш ўринлари яратилди. Бу ерда 398 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади.
Бундан ташқари, мукаммал таъмирдан чиқарилган 48-мактаб, реконструкция қилинган 41- ва 32- мактаб ўқувчилари учун ҳам янги замонавий бинолар қурилиб фойдаланишга топширилди.
Тўлқин Сиддиқов.