Қўшработда шифокор сабабсиз калтакланди: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолатни ўрганди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Самарқанд вилояти Қўшработ туман тиббиёт бирлашмасида ўз хизмат вазифасини бажараётган шифокорни беморнинг яқинлари калтаклагани акс этган тасвирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганилди, деб хабар берди вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Ўрганишларда воқеа жорий йилнинг 7 август куни Қўшработ туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасининг қабул бўлимида рўй берганлиги маълум бўлди.

Аниқланишича, шу куни соат 17:40 лар атрофида туман марказий шифохонасининг қабул бўлимига 1973 йилда туғилган М.С. шу туманда яшовчи Бекзод ва Миролим исмли шахслар томонидан олиб келинган. Навбатчиликни ўтаётган терапевт шифокор Отабек Сирлибоев беморга зудлик билан тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида замбилни кўтаришда қатнашади ва беморни олиб келган икки эркакнинг тиббиёт ходимларига нисбатан айтилган ҳақоратли сўзларини эшитади.

– Аввалига улар барча тиббиёт ходимларини ҳақоратлашди. “Ёрдам кўрсатяпмиз-ку, нимага бунақа ҳақоратлаяпсиз врачларни” деганимдан сўнг шахсиятимга тегувчи сўзлар билан янада қаттиқроқ ҳақоратлаб, иккаласи бир вақтнинг ўзида мени бараварига уриб-тепиб кетишди. Улар маст ҳолатда эди. Мен нима учун ҳақорат эшитганлигимни, нима сабабдан таёқ еганлигимни умуман тушунмадим, – дейди терапевт Отабек Сирлибоев. – Шу куни ИИБ бўлимига хабар берилди, улар келиб мендан тушунтириш хати олиб кетишди, холос. Орадан деярли олти кун ўтиб, воқеа ижтимоий тармоқларда тарқалгандан кейингина, жароҳатларим битай деганда ИИБ ходимлари келиб, мени суд-тиббий экспертизадан ўтиш учун юборишди.

Охирги бир ой ичида ижтимоий тармоқларда Йўл-патрул хизмати ходимларидан қочиб кетган бир қанча ҳайдовчилар акс этган видеоси тарқалиб кетди. Ушбу ҳолатларнинг барчасида шўхлик қилиб қочиб кетган ҳайдовчилар зудлик билан топилиб, интернет тармоқлари орқали улар ва уларнинг яқин қариндошлари ЙПХ ходимларидан кечирим сўраттирилиб, 15 сутка қамоқ жазосига тортилганлигининг гувоҳи бўлдик.

– Худди шундай интернет сайтларда ички ишлар идораси ходимига бир тарсаки урган қонунбузарлар зудлик билан ушлаб келтирилиб, дарҳол қамоққа олинганлиги ва кейинчалик улар озодликдан маҳрум этиш жазосига тортилганлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳам тез-тез ўқиб турибмиз, – дея сўзида давом этади О. Сирлибоев. – Лекин ички ишлар ходимларининг биз врачларга нисбатан содир этилган тажовузларга бўлган бундай муносабати, суднинг эса врачларга муштумзўрлик қиладиганларга жудаям енгил жазо тайинлаб келиши тиббиёт ходимларида чуқур таажжуб уйғотмоқда. Ахир биз ҳам ички ишлар идораси ходимига ўхшаб халқ хизматини қиляпмиз-ку. Бизнинг айбимиз нимада? Тиббиёт ходимлари билан боғлиқ вазиятларда нега бундай сусткашликка йўл қўйилиши керак?

Воқеа содир бўлгандан сўнг жабрланувчи О.Сирлибоевга тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, дастлаб марказий шифохонанинг шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган. Айни пайтда у боши ва кўз қисми жароҳати билан даволанишни давом эттирмоқда. Аҳволи ўртача оғирликда. Беморнинг аҳволи Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратида.

– Маълумот ўрнида, уни қайд этиб ўтиш лозимки, юқоридаги каби шифокорларни ҳақоратлаб, уларга тажовуз қилиш ҳолатлари жорий йилнинг ўтган даври мобайнида биргина Қўшработ туманида тўрт марта кузатилди. Мамлакатимиз бўйича олганда эса бу рақамлар жуда катта ва аянчли аҳволда, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг етакчи юрисконсульти Санобар Юсупова.

Соғлиқни сақлаш вазири шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида ўз хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига бемор ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тажовуз қилиниши ёки уларга тан жароҳати етказилишидан иборат қилмишлар учун жиноий жавобгарликни кучайтириш ташаббусини мунтазам илгари суриб келмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам вазирлик тиббиёт ходимларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларни турли ноқонуний хатти-ҳаракатлардан асраш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида тегишли чораларни қатъий кўриб боради.