Қўшработдаги битта мактабдан беш нафар ўқувчи менталь арифметика бўйича халқаро мусобақада ғолиб бўлди
Дубайда мактаб ўқувчилари ўртасида менталь арифметика бўйича халқаро олимпиада бўлиб ўтди.
Мусобақада Қўшработ тумани 26-умумтаълим мактабининг 5 нафар ўқувчиси ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Бугун ёш математиклар Самарқандга қайтиб келишди.
- Бу ўқувчиларимизнинг халқаро майдонда эришган муваффақиятларининг биринчиси эмас, - дейди ғолиб ўқувчиларнинг мактабдаги устози Роҳила Рустамова. – Шу йил июль ойида Қирғизистонда бўлиб ўтган халқаро мусобақада ғолиб бўлгандик. Умуман, мазкур мусобақада ўқувчиларимга осон бўлмади. Рақиблари Осиё ва евроосиёлик ўқувчилар эди. Шунга қарамай, 300 нафар ўқувчилар ичида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб, барчамизни хурсанд қилишди. Бу муваффақиятларимизнинг бошланиши, ҳали энг катта ютуқларимизнинг барчаси олдинда.
Мусобақада Бобур Йўллибоев биринчи, Нигина Абдусаломова иккинчи, Сарварбек Қувондиқов, Маржона Лапасова ҳамда Камрон Кароматов учинчи ўринни қўлга киритди. Барчаси 26-мактаб ўқувчилари.