Қўшработликлар энди осмонга қараб ўтирмайди. Бунга етарлича асос бор

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма бешинчи сессиясида ҳисобот берган туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаевнинг фикри шундай бўлди.

У ўз фикрларини қуйидагича асослади:

Биринчидан, туманни 2021-2022 йилларда комплекс ривожлантириш дастури доирасида қиймати 416 миллиард сўмлик 792 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган 274 та янги лойиҳалар шакллантирилган.

Жумладан:

- саноат соҳасида 88,3 миллиард сўмлик 24 та лойиҳада 132 та;

- хизмат кўрсатишда 102,2 миллиард сўмлик 80 та лойиҳада 290 та;

- қишлоқ хўжалигида 225,6 миллиард сўмлик 170 та лойиҳада 370 та янги иш ўрни яратилади.

Ҳозирда яна янги лойиҳалар шакллантирилмокда.

Мисол учун, жорий йилда туманда “Қўшработ Ломанн парранда” МЧЖ томонидан Германия технологияси асосида 24 миллион дона тухум, 10 миллион бош 1 кунлик жўжа, 80 тонна парҳезбоп парранда гўшти олишга мўлжалланган “Замонавий паррандачилик кластери” лойиҳаси ишга туширилиши белгиланган.

Қиймати 30 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида 50 та янги иш ўрни яратилади. Ҳозирги кунда қурилиш майдони тайёрланмоқда.

Иккинчидан, жорий йилда 2,6 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилади. Бунда, 15 минг долларлик саноат ҳамда 2,6 минг долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари хорижлик ҳамкорларга етказиб берилади.

Учинчидан, 2,3 миллион долларлик 3 та янги инвестиция лойиҳаси тасдиқланган. Қарордан ташқари қўшимча лойиҳалар ҳисобидан ҳам хорижий инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган.

Тўртинчидан, ҳудуддаги 42 та маҳалланинг бугунги кундаги географик жойлашуви, мавжуд табиий захиралари, аҳолининг тажриба ва кўникмаларидан келиб чиқиб, ҳар бир маҳалла бўйича ўсиш нуқталари белгилаб олинган.

Бунда хатлов натижасида аниқланган 2 минг 434 нафар доимий даромадга эга бўлмаган фуқарони касбга ўқитиш ҳамда 5 минг 732 нафар тадбиркорлик қилиш истаги бор фуқарога имтиёзли банк кредитлари олишда ҳамда бўш турган бинолар ёки ер майдонларини бериш орқали тадбиркорликка жалб этилади.

Бешинчидан, 18-30 ёшгача бўлган 3695 нафар ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида уларнинг 412 нафарига ер ажратиш, 377 нафарини касб-ҳунарга ўқитиш, 743  нафарига имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши белгиланган. Шунингдек, туманнинг Навкат маҳалласи ҳудудидан 1 гектар ер майдонида “Ёшлар саноат зонаси” ташкил қилинмоқда.