Қозоғистон университетлари янги ўқув йилини масофавий таълим билан бошлайди
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият туфайли Қозоғистондаги университет ва коллежлар янги ўқув йилини масофавий таълим тизимида бошлайди. Бу ҳақда 14 июль куни республика Таълим ва фан вазири Асхат Аймагамбетов маълум қилди.
Бироз олдин Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой мактаб ўқувчилари таълимини ҳам масофавий давом эттириш таклифи билан чиқиш қилди. Ушбу таклифни Таълим ва фан вазири қўллади. Таклифга кўра, бошланғич синф ўқувчилари учун алоҳида санитар талабларга жавоб бера оладиган навбатчи синфлар ташкиллаштирилади.
“Коллежлар янги ўқув йилини масофавий таълим тизимида бошлайди. Анъанавий ўқитиш усули асосан бошланғич ва битирувчи курслар учун индивидуал график асосида ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, чекка қишлоқ жойларда коллежлар мавжуд, эпидемиологик вазиятга қараб, биз ўша ерларда анъанавий усулда дарслар давом эттирилишини таъминлаймиз”, деди Аймагамбетов.
Шу билан бирга, олий таълим бўйича ҳам янги ўқув йили асосан масофавий давом эттирилади. “Анъанавий формат: лаборатор ишлар, докторантура, ишлаб чиқариш таълими, касбий амалиёт ва бошқа мутахассисликлар учун индивидуал дарслар график асосида ташкил этилади”, дея қўшимча қилди вазир.