Қозоғистонда коронавирус билан курашда 1400 нафар шифокор, 1700 нафар ўрта тиббиёт ходими етишмаяпти
Қозоғистонга коронавирус билан самарали кураш олиб бориш учун 1,4 минг нафарга яқин шифокор ва 1,7 минг атрофида ўрта тиббиёт ходими етишмаяпти. Бу ҳақда бугун Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ажар Гиният маълум қилди.
Сўнгги кеча-кундузда мамлакатда 1962 нафар коронавирус ҳолати қайд этилди. Касалланганларнинг умумий сони 53 021 нафарни ташкил этмоқда.
“Бугунги кунга келиб, эпидемияга қарши кураш олиб бориш учун 46 минг нафар тиббий ходим жалб этилган, улардан 9 минг нафари шифокорлар. Шифокорлар етишмаяпти, бугунги кунда шифокорларга бўлган эҳтиёж 1400 нафарни, ўрта тиббий ходимларга бўлган эҳтиёж 1700 нафарни ташкил этмоқда”, деб таъкидлади Гиният.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, барча хусусий клиникалар ҳам шу ишга жалб қилинган.
8 июль куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев мамлакат марказий телевидениесида халққа қилган мурожатида коронавирус инфекцияси оқибатида ҳалок бўлганлар хотираси учун 13 июль санасини умумхалқ мотам куни, деб эълон қилди.