Қурилиш материали сифатлими?
“Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги департамент масъуллари мутасадди идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятидаги металл маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ҳамда айрим қурилиш объектларида сифатли ва хавфсиз металл(арматура) маҳсулотларидан фойдаланиш юзасидан ўрганиш ва профилактик тадбирлар ўтказди.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 февралдаги қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 июндан бошлаб сотилаётган ва ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган металл прокатининг ҳар бир тўпига ишлаб чиқарувчи (импорт қилувчи) томонидан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлик юзасидан синовларнинг ижобий натижалари асосида расмийлаштириладиган сифат тўғрисидаги ҳужжат илова қилиниши белгиланган, – дейди “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги департамент директори Зойир Амонов. – Индукцион печлардан фойдаланган ҳолда тайёрланган қурилиш учун мўлжалланган металл прокатини ишлаб чиқариш ва қўллаш тақиқланган. Бундай усулда тайёрланган металл маҳсулотлардан қурилишдан бошқа мақсадларда фойдаланишга рухсат берилган.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 15 августдаги йиғилишида ҳам ушбу масала яна бир бор муҳокама этилиб, ваколатли идораларга қурилиш учун металл прокати ишлаб чиқарувчи корхоналарда ишлаб чиқариш технологияларга риоя этилиши, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив хужжатларга мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатиш вазифаси топширилди.
Ишчи гуруҳ Паст Дарғом туманидаги “Samarqand metall production” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган металл маҳсулотлари сифатини ўрганди.
– Хитойдан келтирилган иккита индукцион печь ўрнатилиб, улар ёрдамида иккиламчи қора металдан маҳсулот тайёрланган корхонада юқорида қайд этилган қарор ижроси юзасидан департаментимиз томонидан бизнес омбудсман рухсати билан жорий йил июль ойида назорат тадбирлари ўтказилган, – дея сўзида давом этади З.Амонов. – Ўшанда бу ердаги 7,1 тонна арматура маҳсулотининг сифати текширилиб, механик ва кимёвий кўрсаткичлари бўйича норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқлиги аниқланганди. Ушбу ҳолат бўйича сифатсизлиги аниқланган арматура маҳсулотини сотиш тақиқланган. Айни пайтда корхонада индукцион печларда арматура ишлаб чиқарилиши тўхтатилган. Корхона раҳбари билан яна бир бор суҳбатлашиб, тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди. Бошқа турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда амалий ёрдам беришга тайёрлигимизни билдирдик.
Ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳрида қўп қаватли тураржой биноси қураётган “Ражабов Фарид строй” хусусий корхонаси ҳамда Самарқанд туманида жойлашган ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биноси эшкак эшиш каналини реконструкция қилаётган “Темир қалқон” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Мазкур объектлар қурилишида фойдаланилаётган металл маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги юзасидан масъуллар ва қурувчиларга тавсиялар берилди.
Ғ.Ҳасанов.