@Zarafshonbot’га мурожаат: Кўчамиздан ўтган сув қувури сифатсиз таъмирланди, йўлларимиз абгор ҳолга келди

Самарқанд шаҳридаги Янгиқўрғон маҳалласи Гумбаз кўчасида яшовчи аҳоли номидан мурожаат қиляпман.

Бундан бир неча ой аввал "Самарқанд сув таъминоти" корхонаси ишчилари ушбу кўчамизнинг 124-хонадони ёнидан ўтадиган 1000 диаметрли сув қувурини таъмирлаган эди. Таъмирлаш ишларидан кейин яна сув отилиб чиқди. Улар яна келишди, аммо ишни охирига етказолмади. Ҳозир ҳам бу ердан сув чиқиб турибди. Ёмони, таъмирланган жой бир неча ойдан бери текислангани ҳам, аввалги ҳолатига келтирилгани ҳам йўқ.

Ҳолат яхшиланмагач, биз Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилдик. Ободонлаштириш бошқармаси шу йилнинг 18 июлида "Самарқанд сув таъминоти" акциядорлик компаниясига бизнинг Янгиқўрғон маҳалласи Гумбаз кўчасида сув ва оқава тармоғи ўтказиш учун асфальт қопламали йўлда қазиш ишлари бажарилганини билдириб, ҳозирги кунга қадар таъмирлаш ишлари бажарилмаганлиги ҳақида хабар жўнатган.

Бошқарма ушбу муаммони бартараф қилиш ҳамда тез фурсатда кўчани қайта таъмирлаб, асфальт қопламаси ётқизиш чораларини кўриш бўйича огоҳлантириш хати йўллаган. Бироқ ҳамон кўчамиз суратдаги каби ҳолатда турибди.

Ижтимоий тармоқда босилгач, бу ҳолат "сув"чиларнинг ёдига тушиб, ишни охирига етказар, кўчамизни ҳам аввалги ҳолатига келтириб қўяр, дея сизларга мурожаат қилдик...

Турдиниёз бобо ҚУЛЖОНОВ.