Қурилиш объектларида муаллифлик ҳамда техник назоратнинг ўрни жуда муҳим
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари саксон еттинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.
Депутатлар дастлаб Кенгаши котибияти билан боғлиқ ташкилий масала ва вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиб, тегишли қарорларни қабул қилдилар.
Сўнгра Пайариқ, Самарқанд ва Тойлоқ туманларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган махсус солиқ режими жорий этиладиган туризм ҳудудларини белгилаш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.
Пайариқ туманидаги Чоштепа, Хўжа Исмоил, Самарқанд туманидаги Миронқул, Оҳалик, Оқбўйра, Конигил, Тойлоқ туманидаги Боғизоғон, Сариосиё, Бахшитепа маҳаллаларида меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, умумий овқатланиш, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун махсус солиқ режими жорий этиладиган туризм ҳудудлари сифатида белгиланди.
Сессия кун тартибидан ўрин олган вилоятда йўллар ва кўприклар, ичимлик суви ва электр энергияси таъминоти, ижтимоий соҳа объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари объектлари учун бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала депутатларнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.
- Вилоят ҳудудлардаги биринчи навбатда амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирларнинг манзилли дастурига мувофиқ шаҳар ва туманлардаги 298 та объектда ички хўжалик йўллари ва кўприклар, 18 объектда сув иншоотлари, 27 та ижтимоий соҳа объектларида бажариладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича бош пудратчи ва бош лойиҳачи ташкилотларнинг рўйхати шакллантирилган, - деди Эркинжон Турдимов. – Бу ишларни сифатли бажариш ва тез кунларда якунлаш бугуннинг долзарб вазифаси саналади.
Шундоқ тупроқнинг устига асфальт ётқизиш, сув тортиш учун кавланган ерни шу жойдан чиққан тупроқ билан кўмиб қўйиш, қурилаётган биноларни текширувдан ўтказмасдан қабул қилиш ҳолатларига неча-неча бор гувоҳ бўлдик.
Энди ҳар бир иш учун буюртмачи, лойиҳачи, пудратчи, қурувчи шахсан жавоб беради. Улар “муаллифлик назорати”, деган тушунчани онгига чуқур сингдириб олиши, бажараётган ҳар бир ишини аҳоли билан маслаҳатлашиб, уларнинг таклифлари асосида амалга ошириши шарт.
Қолаверса, йўллар ва кўприклар, ичимлик суви ва электр энергияси таъминоти, ижтимоий соҳа объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари объектларини вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳам назорат қилиб боради.
Агар депутатлар эътироз билдираётган ҳолатлар бўладиган бўлса, ўша объект фойдаланишга қабул қилинмайди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.