Қурилиш соҳасига аксилкоррупциявий тизимлар жорий этилган
Вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хатарларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, соҳада замонавий аксилкоррупциявий тизимларни жорий этиш бўйича бир қатор янгиликлар жорий этилди.
- Жумладан, вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан қурилишда давлат назорати электрон тизими жорий қилинган? - дейди вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Умар Мирзаев. - Бу билан инспекциядан рўйхатдан ўтган барча объектларда назорат функциялари амалга ошириш ишлари рақамлаштирилди. Шунингдек, қурилишда давлат назорати электрон тизими my.gov.uz ЯИДХПга интеграция қилинган бўлиб, объектларни рўйхатга олиш, тегишли ташкилотлар билан фойдаланишга қабул қилиш мазкур тизимда амалга оширилмоқда. Бу тизимнинг яна бир қулайлиги шундаки, ISO 37001:2016 ва ISO 9001:2015 халқаро сертификатига эга ва тизимга ишонч телефонлари ва бошқа алоқа манзиллари акс эттирилган кўргазмалар қўйилиши таъминланган. Бу эса соҳада шаффофликни таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Бинобарин, ушбу тизим орқали жорий йилда вилоятда 681 та объект назоратга олинди. Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидан ташқари “Огоҳ фуқаро” каби бир қатор электрон онлайн платформалар ҳам ишга туширилди.
Бундан ташқари, инспекторлар яқингача қурилиш объектларида назорат функцияларини амалга ошириш учун планшетдан фойдаланиб келган бўлса, эндиликда мазкур планшетларга қўшимча равишда объектларда аниқланган қоидабузарликлар юзасидан масъулларга жойида маъмурий чора қўриш учун янги махсус планшетлар билан ҳам таъминланди.