Қурувчининг ҳақи ҳокимликдан олиб бериладиган бўлди

Паст Дарғом тумани адлия бўлимига «Аҳмад мадад қурилиш барака» хусусий ихтисослаштирилган таъмирлаш қурилиш корхонаси директори Ш.Н. мурожаат қилиб, вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» давлат унитар корхонасидан 443 миллион 644 минг 605 сўм қарздорликни ундириб беришда амалий ёрдам сўраган.

Аниқланишича, мурожаатчи ва «Ягона буюртмачи хизмати» ДУК ўртасида 2020 йил 1 майда Сирдарё вилояти Оқолтин тумани Шодлик маҳалласида жойлашган 6 та уй-жойни мукаммал таъмирлаш бўйича 1 миллиард 80 миллион сўмлик пудрат шартномаси имзоланган.

Пудратчи томонидан шартномада белгиланган барча мажбуриятлар ўз вақтида бажарилиб, уй-жойларда қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, 2020 йил июнь ойида фойдаланишга топширилган.

Буюртмачи томонидан 348 миллион сўм маблағ молиялаштирилиб, «Аҳмад мадад қурилиш барака» ХИТҚКга ўтказиб берилган. Бундан ташқари, 2020 йил 5-, 16-, 17 сентябрь кунлардаги ҳисоб фактураларга асосан умумий қиймати 112 миллион сўмлик қурилиш моллари берилган.

Қурилиш корхонаси бажарилган ишлар юзасидан 903 миллион 644 минг 605 сўм фактуралар расмийлаштириб, буюртмачи Самарқанд вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» ДУКга 2020 йилнинг июнь ойида топширган. Бироқ буюртмачи томонидан фактураларнинг 460 миллион сўмлик бажарилган ишларга оид қисми қабул қилиниб, қолган 443 миллион 644 минг 605 сўмлик қисмини молиялаштиришга маблағ йўқлиги, маблағ ажратилгандан кейин қабул қилиши маълум қилинган.

Юқоридагиларга асосланиб, туман адлия бўлими томонидан «Аҳмад мадад қурилиш барака» ХИТҚК манфаатини кўзлаб, вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» ДУКдан 443 миллион 644 минг 605 сўм қарздорликни ундириш юзасидан Самарқанд шаҳар иқтисодий судига даъво ариза киритилди.

Суд томонидан ушбу даъво ариза қаноатлантирилиб, тегишли ҳал қилув қарори билан қурилиш корхонаси фойдасига вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» ДУКдан 443 миллион 644 минг 605 сўм асосий қарздорлик ҳамда 66 миллион 646 минг 690 сўм пеня ундирилиши таъминланган.