Қурувчининг қадри қанча?

Қурувчиларга қулай яшаш шароити яратилганми, улар бундан розими, турар жойи санитария талабларига жавоб берадими?

Эсингизда бўлса, бу ҳақда олдин ҳам тўхталгандик. Ушбу масала мутасадди раҳбарлар ва депутатлар эътиборига тушганини ҳам унутмагандирсиз.

Бу ҳақда фикрлашишдан олдин Самарқанд шаҳридаги қурилишларнинг бирида ишлайдиган ўртоғим билан бўлган суҳбатга эътиборингизни қаратсам.

-  Бир ҳафтадан буён ювина олмадим, шунга квартирангга келдим. Муздек сув касал қилади. Бунинг устига ҳаво ҳам совиб қолди.

-  Иссиқ сув йўқми хонангда?

-  Э, бу нима деганинг, ҳали қурилиши битмаган объектда иссиқ сув қаердан келади? 

-  Ўзи қаерда яшайсизлар?

-  Шароити бори ўз уйига, квартирасига кетади. Менга ўхшагани эса кўрпа-ёстиғини олиб, объектнинг қурилиши тугаган қисмида ёки ертўласида қолади.

-  Нега сенам квартирада турмайсан, буёғи қиш?

-  Ўзи топганим оиламга зўрға етади. Ҳозир энг арзон квартира ҳам 200 минг сўм, яна шароити яхши эмас...

Ўйланиб қолдим. Ҳозир Самарқандда нима кўп – қурилиш кўп. Ўртоғим сингари тумандан қатнаб ишлаётганлар қанча? Топганини иқтисод қилиб, уйимга олиб борай, деб ҳали битмаган уйда, не бир шароитларда ётиб юрганлари-чи?

Шу гап сабаб бўлиб қурилишларда бунёдкорлар учун яратилган шароитларни кузата бошладим.

Зарур кийим-бош, хавфсизлик талаб­лари таъминланмагани ўз йўлига. Аммо аксарият қурилиш объектида усталар бетон устига кўрпача тўшаб олган. Уларнинг ошхонасиям, еб-ичиб бўлгач, ётоғиям шу ер.

Энди савол туғилади, оддий ётоқ масаласини ўйлаб кўрмаган масъуллар қурувчиларга санитар шароит қилиб берадими?

Бу саволни Россияда ишлаб, йилда 10-15 кунга келиб кетадиган ҳамқиш­лоғимга бердим.

- Устага шароит яратиш учун кимдир тергашини кутиш, талаб қилмаса шарт эмас, деган гаплар улар учун бегона, - дейди у. - Мана масалан, биз ишлайдиган қурилиш фирмасида қишда иссиқ, ёзда салқин бўладиган кўчма контейнеримиз бор. Ишчилар қанча кўп бўлса, шунга яраша контейнер келтиришади. Ошхона бошқа контейнерда, ювиниш учун алоҳида йиғиб-териладиган душ.  Қишнинг чилласида ҳам шундай шароит бўлади.

Хўш, кимдир айтадими,  ўзимизнинг "қоракўзлар" учун бундай шароит  қачон яратилади?

Фазлиддин Рўзибоев.