Қурувчининг бунёдкор фарзанди (9 август - Қурилиш соҳаси ходимлари куни)

Касбимиз тақозоси билан янги объектлар қурилиш жараёнларини ёритиш ёки уларни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирларда қатнашишимизга тўғри келади. Кўп ҳолларда йирик, давлат аҳамиятига эга объектларни кўпчиликка таниш бўлган, таъбир жоиз бўлса, “синовдан ўтиб, ишончни оқлаган” қурилиш ташкилотлари бунёд этаётганига гувоҳ бўламиз. Шунинг учун қаерда каттароқ қурилиш кетаётган бўлса, буни фалон қурувчи қуряптими, деб сўрасак саволимизга ўзимиз кутган жавобни оламиз. 

Паст Дарғом туманидаги “Темир Қалқон” масъулияти чекланган жамияти Самарқанддаги ана шундай “кўзга ташланиб”, танилиб қолган қурилиш ташкилотларидан бири ҳисобланади. Вилоятнинг исталган туман ёки шаҳарига борсангиз, мазкур жамият қурувчилари бунёд этган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт иншоотларини кўришингиз мумкин. Паст Дарғом тумани марказидаги ёшлар истироҳат боғи, Ургутдаги “Чорчинор” болалар оромгоҳи, Нарпай тумани марказий шифохонаси, Булунғур тумани Мингчинор спорт мажмуаси ва Килдон оилавий поликлиникаси, Самарқанд шаҳридаги вилоят кардиология диспансери, Қорасув массивидаги замонавий кўп қаватли уйлар, Нуробод тумани Жом қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури асосида қурилган боғча ва поликлиника – эҳ-ҳе, бу каби иншоотларни санаб саноғига етиш қийин.

– Одам эзгу ишлари ва бунёдкорлиги билан ном қозонади, – дейди “Темир Қалқон” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қосим Қаршиев. – Бировга бир оғиз ширин гап гапирсангиз ёки бирор жойда бир туп дарахт эксангиз, битта ғишт қўйсангиз – шу сизнинг номингиз билан боғланади. Шу каби ишларингиз, ҳаракатингизга қараб баҳо беришади, эслашади. Бизга отам шундай тарбия берганлар, ўзлари шу қоидага амал қилиб, бизни ҳам шунга даъват қилганлар. Бир умр қурилиш ташкилотида ишлаганлар. Менга, акаларимга қурувчилик отамиздан ўтган. Тўғри, отам биздек мустақил иш қилмаган, давлат қурилиш трестида ишлаган.

Лекин, уй қурган, мактаб, боғча қурган. Шу билан элга танилган, халқнинг ҳурматини қозонган. Ҳозир ҳам катта ёшли кишиларга Холбек Қаршиевнинг ўғлиман, десам яхши гаплар билан отамни ёдга олишади, ибратли хотираларни гапириб беришади. Бу йил Самарқанд эшкак эшиш каналини реконструкция қилиш бўйича тендер танловида қатнашиб, ғолиб бўлдик ва шу ерда қурилишни бошладик. Тасодифни қаранг, иш бошлашдан олдин мажмуа тарихи билан қизиқдим, кекса қурувчилар билан гаплашдим. Мажмуанинг эски биноси қурилишида отам иштирок этган экан. Йиллар ўтиб, энди биз бу ерда қурилиш қиляпмиз. Умуман, қаерда, қандай қурилиш бошламай, отамни ёдга олиб, у кишининг ўгитларини эслаб, яхши ниятлар қиламан, қурилажак бино темирдек мустаҳкам, турли балою офатларга қалқон бўлиб, халқимизга хизмат қилишини сўрайман. Корхонамиз номини шунинг учун “Темир Қалқон” деб атаганмиз.

Қосим Қаршиев кўп йиллардан буён қурувчилик билан шуғулланса-да “Темир Қалқон”ни 2009 йилда ташкил қилган. Дастлаб намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар бунёд этган қурувчи тез орада тилга тушгач, бошқа йирик объектлар ҳам унга ишониб топшириладиган бўлди. Натижада дастлаб саноқлигина техника, 15-20 нафар ишчи билан иш бошлаган корхона бугун катта-кичик 20 га яқин замонавий қурилиш техникасига эга, 100 га яқин қурувчи меҳнат қилаётган йирик жамиятга айланди. Корхона жамоаси ўтган йил вилоят туманларида бир қатор маъмурий бинолар, кўп қаватли уйлар, тиббиёт муассасалари ва спорт иншоотларини ўз вақтида, сифатли қуриб, фойдаланишга топширди. Бу йил эса кўп қаватли уйлар, мактабгача таълим ташкилоти ва бошқа кичик объектлар билан бирга Самарқанд эшкак эшиш канали ҳамда Россия жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университетининг Самарқанд филиали ўқув биноси реконструкциясини амалга оширмоқда.

– Самарқандда янги ташкил этилган мазкур ўқув муассасаси биносини замон талабларига тўла жавоб берадиган тарзда бунёд этиш вазифаси бизга топширилгач, лойиҳачи ҳамда филиал раҳбарияти билан бирга Россияга бориб, университет фаолияти, бино ва спорт иншоотларининг ҳолати, бизга қандай талаблар қўйилиши билан танишдик, – дейди Қосим Қаршиев. – Россиялик мутахассислар билан гаплашдик, ўқув даргоҳида талабалар ва профессор-ўқитувчилар, спортчилар учун халқаро талаблар даражасида қандай шарт-шароит бўлиши кераклиги билан қизиқдик. Ўзимиз учун кўп фойдали маълумотларга эга бўлдик, тажриба ўргандик. Шу асосида келиб, қурилиш-реконструкция ишларини бошладик.

6-7 давомида лойиҳада белгиланган ишларни бажариб, яқин кунларда ободонлаштириш ишларини ҳам якунлаймиз. Айрим қўшимча бинолар қурилишини ҳам йил якунига қадар тугатамиз. Умуман, ҳар бир объектни ўз вақтида қуриб, фойдаланишга топширишга ҳаракат қиламиз. Беш ойдан буён юртимизда карантин шароити бўлса-да иш тўхтаб қолган эмас. Белгиланган санитария қоидаларига амал қилиб ишлаяпмиз. Қурилиш материалларидан ҳам муаммо йўқ ҳозир. Бундан 7-8 йил олдин ғишт, плита учун ойлаб навбат кутардик. Шундай пайтлар бўлганки, Самарқанддаги қурилиш объектларимиз учун Навоий, Бухородан ғишт олиб келишга мажбур бўлганмиз. Бугун эса яратилган имконият ва қулайлик туфайли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари шунчалик кўпайиб кетдики, керакли маҳсулотларни танлаб оляпмиз.

Биргина Паст Дарғом туманида бугун 11 та ғишт заводи ишлаяпти. Шунинг учун ҳозир барча объектларимизда материалларни зарур миқдорда келтириб қўйганмиз. Иш бир зум тўхтамайди, бирдек давом этади. Кузатув камералари ўрнатганмиз, қурилиш жараёнини ўзимиз, буюртмачилар кузатиб боришади.  

Ҳа, дарвоқе, “Темир Қалқон” Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманида Сардоба сув омборидан сув тошиши оқибатида зарар кўрган аҳоли учун уй-жойлар барпо этишда ҳам самарқандлик қурувчилар қаторида фаол қатнашмоқда.

Ғ.Ҳасанов,

А.Исроилов (фото).