Қувайтлик тадбиркорлар Булунғурда ёнғоқ етиштиради
Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида навбатдаги инвестиция куни тадбири ўтказилди.
Унда 4 нафар ташаббускор тадбиркор умумий қиймати 8,5 миллион долларлик лойиҳалари билан қатнашди. Тадбиркор Ҳошим Алиев Булунғур туманида ёнғоқ плантацияси ташкил этмоқчилигини билдирган бўлса, "Samarkand Protect Oil Group" масъулияти чекланган жамияти вакиллари Ургут туманида хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда 6 миллион долларлик ғишт заводи қуриш таклифини билдирди. "Рай¬ҳон-тур бизнес" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Умида Солиева меҳмонхона қуриш учун банк кредити ажратилишида амалий ёрдам сўради. АҚШдан ташриф буюрган инвестор "Pamir Group" Inc компанияси раҳбари Муҳаммаднаим Шарифзода Самарқанд шаҳрида меҳмонхона қуриш учун 1 миллион доллар тўғридан-тўғри сармоя киритишини маълум қилди.
Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов ва вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Ходжаев ҳар бир таклифни ўрганиб чиқиб, инвесторларга тегишли тавсиялар ва масъул ходимларга лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан топшириқлар берди.
- Биз қувайтлик ҳамкорлар билан биргаликда Булунғур туманида 30 гектар лалми майдонда АҚШнинг "Чандлер" навли ёнғоғини етиштириш лойиҳасини таклиф этдик, - дейди Ҳошим Алиев. - Бунинг учун 1,5 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритишни режалаштирганмиз. Кейинчалик маҳсулотни экспорт қилиш ва шу ернинг ўзида қайта ишлаш ҳам кўзда тутилган. Учрашувда таклифим яхши қабул қилинди. Туманнинг иқлими, майдонларнинг жойлашуви ва бошқа жиҳатларини эътиборга олган ҳолда бир неча ҳудуддаги ер майдонларини тавсия этишяпти. Таклиф этилган ва бизга маъқул бўлган майдонлардан бирида тез орада иш бошлаш ниятидамиз.
Ўз мухбиримиз.