Оқдарё ёнғоқ етиштирувчи ҳудуд бўлиши мумкин

Оқдарё туманига ташкил этилган пресс-турда журналистлар туманнинг “Пичоқчи” маҳалласидаги “Pichoqchi Dry Fruits” МЧЖда бўлиб, экспортга йўналтирилаётган маҳсулотлар, янги навли ёнғоқзор ҳамда маҳаллада бунёд этилаётган логистика маркази фаолияти билан танишди.

Ушбу марказга республикамизнинг барча вилоятларидан ёнғоқ маҳсулоти йиғилади ва сараланиб, қадоқланади ҳамда хорижга экспорт қилинади. 

- Бу сердаромад соҳа, - дейди МЧЖ раҳбари Толибхон Абдужалилов. – Энг муҳими, хотин-қизлар ва ёшлар иш билан банд. 30 дан ортиқ доимий, 100 га яқин мавсумий ишчимиз бор. Оқдарё маҳалласидан 104 хонадон бизга бириктирилган. Келгусида фаолиятимизни кенгайтириш ҳисобига уларни ҳам доимий иш билан таъминлашга ҳаракат қиляпмиз.   

Бу ерда туманнинг барча ҳудудларидан келган хотин-қизлар ва ёшлар меҳнат қиляпти. Улар ёнғоқ мағизини саралаб, қадоқлайди.

- Кунлик ишимизга 60-70 минг сўмдан иш ҳақи тўлайди, - дейди ишчи аёллардан бири. - Ишимиз оғир эмас, шароитларидан мамнунмиз. Икки маҳал овқат ишхона ҳисобидан. Қатнов учун транспорт ташкил қилинган.

“Pichoqchi Dry Fruits” МЧЖ логистика марказига бутун республикадан ёнғоқ маҳсулотлари олиб келинади. Ёнғоқ, майиз ва бошқа турдаги қуритилган мевалар қадоқланиб, Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилиняпти. 

- 2019 йилда Туркиядан чандлер навли ёнғоқ кўчати келтириб, 30 гектар интенсив боғ ташкил қилдик, бу нав 4-5 йилда ҳосилга киради, - дейди Толибхон Абдужалилов. - Истиқболли режаларимиз бор. Хусусан, Оқдарё туманини ёнғоқ етиштиришга соҳалаштириш бўйича лойиҳа тайёрлаганмиз. Сабаби, туман иқлим шароити ёнғоқ етиштириш учун жуда қулай.

Эътиборлиси, ҳудудда ўзига хос рақобат муҳити шаклланган. Бу ердаги “Пичоқчи экспорт савдо”, “Қуруқ мевалар тайёрлаш”, “Тўртайғир қуруқ мевалар” МЧЖлар ҳам айни шу фаолият билан машғул.

- Бугун жаҳон бозорида сифат жиҳатдан орқада қоляпмиз, - дейди “Пичоқчи экспорт савдо” МЧЖ раҳбари Рўзимурод Исмоилов. – Сара ёнғоқ навларидан экиб, маҳсулот сифати ва ҳосилдорлиги учун ҳам ҳаракат қилишимиз лозим. Бунинг учун тадбиркорларга ер ажратилса фаолиятимиз янада кенгаяр ва жаҳон бозорида рақобатбардошлигимиз ошар эди.

Пресс-тур давомида журналистлар туманнинг Барака массивида ташкил этилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини саралаб, экспортга йўналтираётган “Hakan agro invest” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишди.

- Лойиҳамиз қиймати 5 миллиард сўм, - дейди корхона раҳбари Мамадали Расимов. – Йилига 1,5 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспортга йўналтиряпмиз. Бугунгача 10 дан ортиқ иш ўрни яратдик. Корхонамиз жойлашган ҳудудда электр энергиясида бўлаётган муаммо ўз ечимини топса, маҳаллий бозорлардан маҳсулот қабул қилиш ва уни экспортга чиқаришда узилишлар бўлмас эди.

Пресс-турдан англашилдики, аҳолини иш билан таъминлаш ва даромадларини оширишда бу каби корхоналарнинг ўрни катта. Муҳими, мутасадди ва тадбиркор ҳамфикр ишласа, аҳоли моддий фаровонлиги янада ошади.

Сулаймон Мардиев.