Ёнғоқчилик кластерини жорий этмоқчи бўлган тадбиркор “Ташаббус-2019” вилоят босқичи ғолиби бўлди

O’zLiDeP  фаоли, "Pichoqchi Dry Fruits" кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Толибхон Абдужалилов кеча Самарқандда ўтказилган “Ташаббус-2019” танловида “Йилнинг энг яхши фермери” номинацияси бўйича биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. 

Толибхон Абдужалилов қарийб, 20 йилдан буён ёнғоқ маҳсулотларини чақиб, қайта ишлайди ва олди-сотдиси билан шуғулланади. Ишбилармонларнинг  маҳсулотларини четга экспорт қилишлари учун юртимизда кенг имкониятлар яратилгач, Толибхон ака  2017 йил апрель ойида “Pichoqchi Dry Fruits” фирмасини очди. У бугунги кунда ёнғоқларни чақиб, мош, ловия, нўхат каби дуккакли маҳсулотларни қуритиб, қадоқлаб хорижга экспорт қилмоқда. Унинг Туркия, Ҳиндистон, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларда ҳамкорлари бор. У 2018 йилда 1 миллион 200 минг АҚШ долларлик  ёнғоқ маҳсулотларни хорижга экспорт қилди. Айни кунларда 20 га яқин доимий, 100 га яқин мавсумий ишчи ўрин яратган тадбиркор катта лойиҳалар устида ишламоқда.

- Юртимизда тадбиркорларга кенг имкониялар яратилмоқда. Шу имкониятлардан фойдаланиб, келажакда ёнғоқ етиштириш бўйича кластер тизимини жорий қилмоқчимиз. Бир неча йилдан буён интенсив ёнғоқзор боғлар яратиш борасидаги лойиҳаларим жорий йилда амалга ошиб, бизга 30 гектар ер ажратилди. Мен бунинг учун вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовга миннатдорчилик билдираман. Бундан ташқари, Пичоқчи қишлоғида ёнғоқ етиштириш, уни қайта  ишлаш, қадоқлаш, экспортга тайёрлаш, сақлаш ва агротуризмни ривожлантириш логистика марказини қуриш учун 2 гектар ер майдони ажратилди. Ушбу лойиҳалар доирасида 30 та доимий ишчи ўринлари яратилади,  дейди суҳбатда Толибхон Абдужалилов.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган “Ташаббус-2019” кўрик-танловнинг бу йилги шаҳар ва туманлар босқичларида қаҳрамонимиз каби 1200 нафардан ортиқ тадбиркорлар, ҳунармандлар ва фермерлар ўзларининг 3000 дан зиёд маҳсулот ва хизмат турлари билан иштирок этишди.

Кўрик-танловнинг вилоят босқичида шаҳар ва туманларда ғолибликни қўлга киритган 78 нафар иштирокчилар ўзаро беллашдилар.

- Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, иқтисодиётнинг тез ўзгариб турадиган бозор талабларига жавоб беришини таъминлайдиган замонавий тузилмаларини шакллантиришда, янги иш ўринларини ташкил қилишда ва аҳоли даромадларини оширишда ўта муҳим ўрин эгаллайди.  Агар таҳлилларга асосланадиган бўлсак, жорий йилнинг 1-чорак якуни билан вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнеснинг улуши 67,7 фоизни ташкил этиб, вилоятимиз республикада бу борада етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. 2019 йилнинг 1-чорак ҳолатига фаолият кўрсатаётган кичик бизнес корхоналари сони 22 373 тага етди. 2019 йил 1 май ҳолатига янгидан ташкил қилинган кичик бизнес субъектлари сони 3654 тани ташкил этади, - дейди O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши раиси, Ўзбекистон савдо саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи  Шерали Юлдашев.

Ғолиблар вилоят ҳокимлиги ва ташкилочиларнинг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари  билан тақдирланди.

Бахтигул Қаршиева,

O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.