Кўмир ўрнида ёнғоқ пўчоғи
Ўтган йили Ургут туманида ўтказилган пресс-турда туман фаолларидан бири «Имконияти бўлса-да, аммо баъзи қишлоқларда аҳоли жуда ночор яшайди. Лекин шундай қишлоқлар борки, у ерда яшовчи аҳоли тадбирлилиги туфайли яшаш шароитларини ўнглаб олган. Келгусида мана шундай кишиларнинг баъзиларини ночорроқ қишлоқ ҳудудларига кўчиртиришни режалаштирганмиз. Мақсадимиз, ишбилармон кишига эргашувчилар бу қишлоқдаям кўпайса, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошади».
Билмадим, бу тажрибани Ургут тумани фаоллари қўлладими, йўқми, аммо қишлоқдаги бир тадбирли киши минглаб кишиларга намуна бўлиши ҳақиқатан ҳам бор гап. Бунга Пайариқ туманидаги Дарвешиқ маҳалласида гувоҳ бўлдик. Вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган жамоатчилик назорати гуруҳи билан маҳаллага кириб боришимиздаёқ аҳолининг яшаш шароити ёмон эмаслигини ҳис қилдик. Аммо маҳаллада ҳал этилиши лозим бўлган жиддий муаммолар бор экан.
Биринчи навбатда маҳалла маркази ҳали қуриб битказилмаган. Яъни маҳалла фаоллари ишлаши учун бошпана йўқ. Оқсоқол Ўктам Бозоровнинг айтишича, ўзи фаоллар ёрдамида маҳалла марказини тиклашга чоғланган. Аммо бу бинонинг фақат томи ёпилган, холос. Эндиликда уни таъмирлаш учун маблағ сўраб қилган мурожаатлари натижасиз қолмоқда. Шу ҳудудда иккита маҳаллага хизмат кўрсатаётган қишлоқ врачлик пункти тугатилиб, тадбиркорга, хусусий клиника ташкил қилиш учун берилган. Бу яхши, аммо аҳоли олдинги ҚВПнинг ҳеч бўлмаса иккита хонаси поликлиника филиали бўлиб қолиши тарафдори. Сабаби, ёш болали оналарга гўдагини эмлатиш учун 10 километрга яқин масофадаги тиббиёт муассасасига бориши қийин.
Хонадонлардаги муаммоларни ўрганар эканмиз, айнан соғлом турмуш тарзи, тиббиёт билан боғлиқ масалалар туфайли муаммолар келиб чиққан оилалар кўплиги кузатилди. Дейлик, бир хонадонда ногиронлик билан туғилган бола бугун 10 ёшни қаршилади. Она камқонлиги туфайли шундай чақалоқ дунёга келган. Яна бир оиладаги ногирон фарзанд яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг «меваси».
Ёғингарчилик кунлари уйининг бир қисми қулаб тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож яна бир оилага маҳалла фаоллари ҳамжиҳатлик билан ёрдам қўлини чўзгани маълум бўлди. Аммо бу уйда яшовчи Ҳанифа опа тикувчилик машинаси учун банкдан кредит ололмай ҳалак.
- Битта машинка бўлса ўзимизни ўзимиз эплаб турардик, - дейди Ҳанифа опа. – Уй-жойимизнинг аҳволини кўриб турибсиз. Икки қизимни турмушга узатганмиз, улар ўз рўзғорини зўрға уддалашади. Қолаверса, қиз боладан умид қилиб нима қилдик. Кичик рўзғоримизни ўтказиб туриш учун кашта тикаман, қўни-қўшнига кўрпа-тўшак тикиб бериб, озроқ бўлсаям қўлимиз пул кўради. Аммо тикув машинам йўқлиги учун қийналаяпман. Шу томондан ёрдам бўлсайди…
Дарвоқе, маҳалла аҳли деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланади. Бозорда савдо-сотиқ қилувчилар ҳам кўпчилик. Битта маҳалла ҳудудида 9 та савдо дўконининг мавжудлиги ҳам бу ердаги аҳоли турмуши ҳақида кўп нарсани айтиб турибди. Аммо маиший хизмат кўрсатиш масаласида аҳвол мақтангулик эмас.
Қиш кунлари арзонлаштирилган нархда кўмир олдингизми, деган саволимга аксарият хонадон эгалари ҳайрат билан юзимга қарашди. Назаримда, улар бундай имтиёз борлигини билмайди ҳам. «Ўтган йили шундай кўмир олиш учун борганимизда нақ тупроқни юклаб келгандик. Шундан бери арзонлаштирилган кўмир деса одамлар ўзини олиб қочадиган бўлган», дейди дарвешиқликлардан бири.
- Аҳолининг катта қисми ёнғоқ мағзини тозалаш билан шуғулланади, - дея менинг ҳайратимга жавоб беради шу маҳаллада истиқомат қилувчи Аслан Раҳматов. – Худди бозорлардаги сингари чиройли қилиб чақилган ёнғоқ мағзини харидорлар шу ернинг ўзидан олиб кетишади. Маблағи бор хонадонлар бозордан, ҳатто бошқа вилоятлардан тонналаб ёнғоқни олиб келиб, уни мағзидан ажратишади. Буни бажариш учун қишлоқдошларини маълум меҳнат эвазига ишлатишади. Яхши томони ёнғоқ мағзини тозалаган киши пул билан бирга ўша, ёнғоқ пўчоғини ҳам ўзига қолдиради. Ёнғоқ пўчоғи қишда энг яхши иссиқлик воситаси. Норасмий бўлса-да, шу орқали аҳолининг катта қисми молиявий аҳволини ўнглаб олган.
Ҳақиқатан ҳам қишлоқ аҳли ёнғоқ пўчоғи қиш кунларида ажойиб чора эканлигини айтишди: ҳиди йўқ, иссиғи баланд. Фақат мўрини тез-тез тозалаб туриш кераклигини айтмаганда, бошқа томонлари жуда қулай, дейишди улар. Электр энергияси билан боғлиқ муаммолар йўқ. Мактаб, мактабгача таълим муассасаси фаолиятидан кўпчилик рози. Фақат маҳалланинг «юзи» - биноси йўқлиги бу ерда иш тизимини янада самарали ташкил этишга тушов бўлиб турибди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.