Қуйи Хўжасоатда ишсиз хотин-қизларга 120 миллион сўмлик имтиёзли кредит расмийлаштирилди, 10 та янги иш ўрни яратилди

Давлатимиз раҳбарининг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бешта муҳим ташаббуси илгари сурилганидан кўпчиликнинг хабари бор. Хўш, ушбу ташаббуслар амалиётга қандай жорий этилмоқда.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бу борада ҳудуддаги 4 секторда биттадан маҳалла намуна қилиб олинган.

Хусусан, биринчи секторда уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Қуйи Хўжасоат маҳалла фуқаролар йиғинида қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Маълум қилинишича, биринчи ташаббус бўйича 72-умумий ўрта таълим мактабида ашула, рубоб ва доира тўгараклари ташкил этилган. Айни пайтда тўгаракларда мусиқа ва санъат мактабларининг ўқитувчилари ўқувчи-ёшларга сабоқ бермоқда.

Маҳалла ҳудудида жойлашган 2 та спорт иншоотида ёшлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Спорт залида ёшлар учун стол тенниси ва шахмат-шашка мусобақаси ўтказилиб, фахрийлар иштирокида дзюдо кураши бўйича маҳорат сабоқлари ташкил этилган. Бундан ташқари, спортнинг оммавийлигини ошириш учун юриш марафони ҳамда велопойга ўтказилган.

Учинчи ташаббус доирасида 72-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларнинг компьютер саводхонлигини ошириш учун ташкил этилган тўгаракда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва уларнинг фарзандлари бепул ўқитилмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд шаҳар Кенгаши томонидан маҳаллада ташкил этилган кўчма кутубхона мутолаага қизиқувчилар сони ортишига хизмат қилиш баробарида китобхонлар учун қўшимча қулайлик яратган.

Шунингдек, маҳаллада 6 нафар ишсиз хотин-қизларга тикувчилик, сартарошлик йўналишлари бўйича 120 миллион сўмлик имтиёзли кредит расмийлаштирилиб, 10 та янги иш ўрни яратилган.