Қуёшдан даромад олаётган уста
Қуёшли кунлари кўп бўлган юртимизда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш жуда самарали. Тежамкор қурилмалар уйингизни электр билан таъминлашдан ташқари чўнтагингизга даромад ҳам келтиради.
Паст Дарғом тумани Найман маҳалласида яшовчи Алишер Ҳамроев ўз хонадонига қуёш батареялари ўрнатиб даромад олаётганлардан бири. У икки йилдан буён 15 КВалик қуёш панеллари орқали музлаткич, 2 та кондиционер, телевизор, ўнга яқин тежамкор чироқлардан фойдаланиб келади.
- Уйдан ташқари устахонамда ҳам турли қурилмалар ишлатаман, - дейди автомашина устаси А.Ҳамроев. – Шу пайтгача электр энергияси учун кўп маблағ сарфлардим. Баъзида ҳисоблагичнинг пули тугаб қолиб, асабни бузарди. Уйимиз томига қуёш панеллари ўрнатганимда айрим танишларим «унинг фойдаси йўқ, музлаткич ва кондиционерни ёқишга кучи етмас экан тез ишдан чиқаркан», дейишганди. Шундай бўлсада, 28 дона панелни батареяси билан келтириб ўрнатдик. Мана ҳозирча бетўхтов ишлаб турибди. Қуёш чиқса бўлди, ҳамма ускуналар беками-кўст ишлайди. Эҳтиёждан ортган электр қувватини сотиб, даромад ҳам қиляпман.
Уста ортиқча электр энергиясини сотиш мумкинлигини эшитгач, «Солиқ» платформасидан он-лайн тарзда рўйхатдан ўтди.
- Бир куни қўл телефонимга «Сизнинг тежаб давлатга ўтказган электр энергиянгиз учун 600 минг сўм маблағ ўтказиб бериляпти» деган СМС келиб қолди, - дейди Алишер уста. – Ишонмадим, текшириб кўрсам, ростдан ҳам келиб тушибди. Шундан буён ҳар ойда турли миқдорда пул келиб тушади. Июль ойида 900 минг сўм, августда эса 1 миллион сўмлик электр энергияси. Энди танишларим ҳам ўз уйларига қуёш панеллари ўрната бошлади.
Яқинда Алишер Ҳамроев уйига қуёш нурлари билан иситиладиган гелиоколлектор ҳам ўрнатди ва иссиқ сув муаммосини ҳал этди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.