Рақамли иқтисодиёт нима?

Рақамли иқтисодиёт – бу иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларда рақамли технологияларни қўллаш асосида амалга ошириш тизими. Уни баъзида интернет иқтисодиёти, янги иқтисодиёт ёки веб-иқтисодиёт, деб аташади. "Рақамли иқтисодиёт” терминини эса биринчи бўлиб, 1995 йилда америкалик дастурчи Николас Негропонте амалиётга киритган.

Рақамли иқтисодиётнинг оддий иқтисодиётдан фарқи нимада?

Масалан, қайсидир харидорга пойабзал керак. Уни бозорга тушиб, ўзи танласа ва нақд пулга сотиб олса, бу анъанавий иқтисодиёт саналади. Телеграмдаги бирор-бир савдо боти орқали ўзига маъқул товарни танлаб, товар эгасига пулни электрон тўлов тизими орқали тўлаш ва товарни етказиб бериш хизмати орқали олишга рақамли иқтисодиёт, дейилади.

Аслида, ҳаммамиз анчадан буён рақамли иқтисодиёт ичидамиз, унинг қулайликларидан фойдаланамиз. Хусусан, ойлик маошимиз пластик картага тушади, электрон тўлов орқали коммунал хизматлар, телефон, интернет ҳамда бошқа маҳсулот ва хизматларга тўлов қиламиз, электрон тарзда солиқ декларацияси топширамиз, картадан картага пул узатамиз, уйга таом буюртма қиламиз ва ҳоказо.

Рақамли иқтисодиёт – бу нолдан бошлаб яратилиши лозим бўлган қандайдир бошқача иқтисодиёт эмас. Бу янги технологиялар, платформалар ва бизнес моделларини яратиш, уларни кундалик ҳаётга жорий этиш орқали мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга кўчириш, дегани.

Белгилари:

* юқори даражада автоматлаштирилганлик;

* электрон ҳужжат алмашинуви;

* бухгалтерлик ва бошқарув тизимларининг электрон интеграциялашуви;

* маълумотларнинг электрон базалари;

* CRM (мижозлар билан ўзаро муносабат тизими) мавжудлиги;

* корпоратив тармоқлар.

Қулайликлари:

1. Тўловлар учун харажатлар камаяди (масалан, банкка бориш учун йўлкира ва бошқа ресурслар тежаб қолинади).
2. Товарлар ва хизматлар ҳақида кўпроқ ва тезроқ маълумот олинади.
3. Рақамли дунёдаги товар ва хизматларнинг жаҳон бозорига чиқиш имконияти кенгаяди.
4. Фидбек (истеъмолчи фикри)ни тез олиш ҳисобига товар ва хизматлар жадал такомиллаштирилади.
5. Тезроқ, сифатли, қулай тамойили ёрқин намоён бўлади.