Рақамли иқтисодиёт - ёлғон ва қинғир ишларга йўл бермайди. Жумладан, таълим тизимида ҳам
Мамлакатимизда 2020 йил - Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилиниши бошқарув, иқтисодиёт, қолаверса, ҳаётимизнинг барча соҳаларини тубдан модернизация қилиш вазифасини ўртага қўйди ҳамда электрон ахборот алмашинув жараёнларини янада тезлаштириб юборди. Рақамли иқтисодиёт ривожланган давлатларда ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)нинг ҳажми ҳам, ЯИМнинг аҳоли сон бошига улуши ҳам юқори. Шу жиҳатдан, давлатимиз раҳбарининг бу масалага давлат миқёсида қарашлари биринчидан, аҳолининг яшаш даражасини юксалтириш, иккинчидан, аҳолининг реал даромадларини оширишни кўзлайди.
Рақамли иқтисодиёт деганда иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларда рақамли технологияларни қўллаш асосида амалга ошириш тизими тушунилади. Баъзида у интернет иқтисодиёти, янги иқтисодиёт ёки веб-иқтисодиёт, деган терминлар билан ҳам ифодаланади.
Рақамли иқтисодиёт - замонавий миллий иқтисодларнинг қиёфасини ўзгартириб, уларнинг самарадорлигини ва шаффофлигини оширмоқда. У бугунги кунда жаҳон иқтисодининг драйвери, ривожланиш белгиларидан бири. Рақамли иқтисодиёт - бу нолдан бошлаб яратилиши лозим бўлган қандайдир бошқача иқтисодиёт эмас. Бу янги технологиялар, платформалар ва бизнес моделлар яратиш ва уларни кундалик ҳаётга татбиқ этиш орқали мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга кўчириш деганидир.
1995 йилда америкалик дастурчи Николас Негропонте “рақамли иқтисодиёт” терминини амалиётга киритди. Ҳозирда бу истилоҳни бутун дунёдаги сиёсатчилар, иқтисодчилар, журналистлар, тадбиркорлар – деярли барча қўлламоқда. 2016 йилда Жаҳон банки дунёдаги рақамли иқтисодиётнинг аҳволи ҳақида илк марта маъруза эълон қилди (“Рақамли дивидендлар”).
Рақамли иқтисодиёт коррупция ва “қора иқтисодиёт”нинг асосий кушандаси. Чунки рақамлар ҳамма нарсани муҳрлайди, хотирада сақлайди, керак пайтда маълумотларни тез тақдим этади. Бундай шароитда бирон маълумотни яшириш, яширин битимлар тузиш, у ёки бу фаолият ҳақида тўлиқ ахборот бермасликнинг иложи йўқ. Компьютер ҳаммасини намоён қилиб қўяди.
Маълумотлар кўплиги ва тизимлилиги ёлғон ва қинғир ишларга йўл бермайди. Чунки тизимни алдаш имконсиз. Айниқса, рақамли иқтисодиёт таълим тизимига кенг жорий этилса, ахборотлар алмашинуви тезлашади, таълим олишнинг шакллари кўпаяди ҳамда ҳар қандай шахс масофадан туриб билим олиш имкониятига эга бўлади.
Жорий йил пандемия даврида корхоналарда фаолият юритувчилар иш берувчилар томонидан қўллаб-қувватланиб, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, масофадан туриб ишлаш, билим олиш ва малака ошириш амалиёти кенг жорий қилинди. Бу ўз навбатида, электрон ахборот алмашиш жараёнини, яъни маълумотларни электрон шаклда етказиш ва қабул қилиш тартибини янада кучайтирди.
Таълим натажаларини асословчи сертификатларни электронлаштириш бизга қандай қулайлик яратади? Унинг афзалликлари қандай эканлигини таққослаш учун хорижий тажрибага эътибор қаратиш етарли бўлади. Хусусан, Германия, Италия, Дания каби кўплаб давлатларда маълумот ва ҳужжатларни электрон усулда етказиш ва қабул қилиш тартиби аллақачон ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Таълим тизимида масофадан туриб таҳсил олувчилар якуний имтиҳонлардан сўнг сертификат ёки дипломларни электрон тарзда олиш афзал, деб ҳисоблайди. Бу каби электронлаштириш амалиётидан фойдаланиш Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилаётганлиги хайрли ишлардан саналади.
Таълим натижаларига кўра, битирувчиларга электрон сертификатларни бериш амалиётини жорий этиш мақсадида ноёб идентификация рақами ва QR-код ҳамда ҳимоя элементларини назарда тутувчи электрон сертификатлар репозиторийси тизими ва дастурий таъминотини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Электрон сертификатлар репозиторийси деганда, электрон сертификатлар сақланадиган база, яъни сертификатлар бўйича файл ва маълумотларни жамловчи омбор тушунилади. Электрон сертификат бериш орқали масофани яқин қилиб, турли харажатлар тежалади, сертификатни электрон тайёрлашда вақт тежалади ва ҳужжатнинг қоғоз шаклидан воз кечилади. Электрон сертификатларни тайёрлаш учун махсус дастур ишлаб чиқилади ва унга кўра сертификатларга автомат тарзда, кетма-кетликда тартиб рақам берилади ҳамда гуруҳлар бўйича алоҳида бўлимлар ташкил этилади.
Ўқувчилар ҳар қандай курснинг якунида имтиҳондан ижобий натижага эга бўлгач, электрон сертификатлар сақланадиган базага киришлари учун ўзларининг исм-шарифларини тўлиқ киритиш йўли билан ёки таълим берувчи муассаса томонидан берилган логин орқали электрон сертификатлар репозиторийсига кириб, сертификатни юклаб олиш учун шахсий паспорт серия рақамларини киритади ҳамда қисқа муддат ичида сертификатни юклаб оладилар. Сертификатлар ҳар бир соҳа йўналишларига қараб ажратилади ва улар электрон базада сақланади.
Хулоса қилиб айтганда, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш айни вақтда Илм-фан ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг самарали ижро этилишида муносиб ҳисса бўлади.
Гулнора ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.