Рақамли иқтисодиёт зарур. Аммо ҳар қандай илғор технологияни юқори малакали мутахассис бошқаради

Аввало, рақамли иқтисодиёт нима эканлигини ойдинлаштириб олсак.
Рақамли иқтисодиёт - бу иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни рақамли технологияларни қўллаш асосида амалга ошириш тизими. Илк бор 1995 йилда америкалик дастурчи Николас Негро Конте томонидан “рақамли иқтисодиёт” термини амалиётга киритилган.
Иқтисодиётнинг ривожланиши, аҳоли сонининг ошиши, ресурсларнинг чекланганлиги, ундан оқилона фойдаланиш зарурияти, информацион маълумотларнинг кўпайиши иқтисодиётни рақамлаштириш эҳтиёжини келтириб чиқаради. Ҳозирги кунда истеъмол товарлари харид қилишда, маиший хизматлар ва умуман, халқ хўжалигининг барча тармоқларида саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим тарбияга ҳам “рақамли иқтисодиёт” шиддат билан кириб келмоқда. Чунки рақамли иқтисодиёт бизнинг хоҳишимизга қараб эмас, балки давр талабига кўра кириб келмоқда.
Рақамли иқтисодиёт кўпинча веб сайт, электрон ҳукумат, интернет иқтисодиёти каби кўринишларда намоён бўлиб, унинг ижобий томонлари кўп. Булар ресурсларни, вақтни тежаш билан бирга, нисбатан сифатлироқ, қулай товар ва хизматларни сотиб олиш имкониятига эга бўламиз. Мисол учун, аввал товар ва хизматларни нақд пулга сотиб олган бўлсак, эндиликда пластик карточкамиз орқали ҳақ тўлаяпмиз. Бу ҳам рақамли иқтисодиётнинг бир кўриниши аслида. Бунинг нақадар қулайлигини сезиб турибмиз. Бу тушунчани янада аниқроқ билиш учун рақамли иқтисодиёт амалиётга киритилган АҚШ ва мамлакатимизда автомобиль сотиб олиш тартибини солиштириб кўрсак.
Ўзбекистонда автомобиль сотиб олиш учун автосалонга 100 фоиз пулни нақд, пластик карточка ёки пул кўчириш йўли билан тўлаш мумкин. Ёки автомобиль нархининг катта қисмини тўлаб, қолганига кредит расмийлаштирсангиз ҳам бўлади. АҚШда эса автомобиль сотиб олиш бироз бошқача. Уларда деярли барча автомобиллар (эски машиналардан ташқари) кредитга ёки лизингга сотиб олинади. Автомашинанинг пули тўлиқ тўлаб бўлингандан кейингина сизга техник паспорти берилади.
Сиздан талаб қилинадиган ҳужжат ҳайдовчилик гувоҳномаси, social security - ижтимоий таъминот (биздаги солиқ тўловчининг идентификация рақами СТИР) ва банк пластик карточкаси. Автосалоннинг ўзида сизнинг маълумотларингиз ягона информацион базадан текширилиб, банкдаги “кредит тарихи”нгизга эътибор берилади. Яъни, сизнинг молиявий манбаингиз, даромадингиз ва ҳоказолар. Банкдаги маблағингизнинг келиб чиқиш тарихи кузатилади. Барча солиқларни тўлаб тўплаган “тоза” пулингиз миқдорида беъмалол автомашина сотиб олишингиз мумкин. Нафақат автомашина, балки уй-жой ва бошқа қимматбаҳо товарларни сотиб олишингизга банк кафолат беради. Қанчалик “кредит тарихи”нгиз кўп бўлса, сиз шунчалик “ишончли” мижоз. “Ишонч” стажга қараб шунча арзон, имтиёзли узоқ муддатга ва катта миқдорда кредит берилади. Банк кафолати берилган заҳотиёқ автомашинани 1 кун ичида автосалондан олиб чиқиш мумкин. Яъни, ортиқча маблағга уй-жой, бирорта кўчмас мулк, машина ёки қимматбаҳо бирор нарса харид қилмоқчи бўлсангиз, албатта маблағнинг келиб чиқиш манбаси сўралади. Шаффофлик, коррупцияга қарши кураш айнан шу ердан бошланади. Мободо, автомобиль аварияга учраса, мижозга бошқа машина сотиб олгунча қисқа муддатга бошқа машина берилади. Шунинг учун АҚШда деярли барча автомашиналар кредит ёки лизинг шаклида сотиб олинади, автомашина қийматини тўлиқ тўлаб сотиб олиш деярли йўқ.
Рақамлаштирилган маълумотлардан тўғри, оқилона, оператив фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятни касб этади. Иқтисодиётни рақамлаштириш даражаси бўйича АҚШ Ўзбекистондан анча баланд бўлса-да, ундан фойдаланиш даражаси айрим соҳаларда паст.
Масалан, ҳозирда дунёни хавфга солиб турган коронавирус пандемияси муаммосини олиб кўрсак. АҚШдек қудратли давлат соғлиқни сақлаш доирасидаги информацион маълумотлардан оператив, самарали фойдаланмаганлиги туфайли жуда катта талафот кўрмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 январдаги мурожаатномасида “Эртага жуда кеч бўлади”, деган сўзларини эсланг. Ҳали ҳам вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайли нисбатан кам талафот билан коронавирус пандемиясига қарши курашмоқдамиз. Кун сайин, соат сайин коронавирус пандемиясига қарши кураш оммавий ахборот воситалари орқали халққа етказилиб борилмоқда. Касалликка чалинганлар, соғайганлар, карантиндагилар сони, унинг ўсиши, вилоятлар кесимида, жинси, ёшига қараб уларнинг тақсимоти каби чуқур таҳлил қилинмоқда. Буларнинг ҳаммаси рақамлар. Замонавий ахборот технологиялари ёрдамида оператив маълумотларга ишлов берилиб коронавирус пандемиясига қарши кураш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.
Бошқа мисол келтирсак, бугунги об-ҳаво, апрелнинг биринчи ўн кунлигида ёққан қор қанчалик зарар етказганлигини тасаввур қилиш қийин. Синоптикларнинг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг олдиндан маълумотларга эга бўлиши, оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига олдиндан етказилиши, огоҳлантирилиши нисбатан катта талафотларнинг олдини олди. Хўш иқтисодиётчи?
Кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган, новвойхона, озиқ-овқат дўконлари, дорихона ва ҳоказолар бевосита соғлиқни сақлаш, мудофаа, ички тартиб интизом, ҳокимият, қонунчилик органлари кабилар фаолиятини алоҳида-алоҳида тасаввур этиб бўлмайди.
Шунинг учун, у соғлиқни сақлашми, фавқулодда вазият фаолияти-ми, саноат корхонаси-ми, мактаб ёки олий таълим муассасаси бўладими халқ хўжалигининг барча тармоқларида фаолиятни рақамлаштириш зарур.
Албатта, “инсон омили” деган тушунча бор. Ҳеч қачон ҳар қандай илғор технология инсон иштирокисиз амалга ошмайди. Уни юқори малакали мутахассис бошқаради.
Ахтам НИЗОМОВ,СамДУ иқтисодиёт ва бизнес факультети доценти.