Республика медиафоруми нега айнан "олтин сандиқ" - Навоийда ўтказилди?

Ўз вақтида Бухоро амирлигига ҳам наф келтирган Мурунтов тиллолари захираси келгуси 100 йилликка ҳам етади.

Қайд этилишича, дунёдаги энг йирик бу очиқ кон - Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги "олтин кони" маъдан қазиб олиш бўйича ҳам етакчилик қилмоқда. Бу ерда ҳар куни 100 га яқин 220 тоннагача юк кўтариш имкониятига эга автомобиллар ишлайди. Улар ёрдамида қарийб 1000 метр чуқурликдан йилига 50 миллион тонна руда қазиб олинади.

Марказий кон бошқармасига қарашли карьер мутасаддиларининг айтишича, ўз вақтида Бухоро амирларига ҳам наф келтирган Зарафшон олтинлари "булоғи кўзи"ни ўзбек геологи Иброҳим Ҳамробоев очган.

Медиафорум иштирокчилари тадбир давомида маъданлардан олтин қандай ажратиб олиниши жараёни билан яқиндан танишди. Ўзбек олтини халқаро даражада, ҳатто Лондон фонд биржасида ҳам эталон эканини айнан шу ерда эшитишди.

Бир вақтлар ёпиқ бўлган бу маълумотлар масс-медиага очиқланиши, олтин конлари ва уни ажратиб олиш заводларига уюштирилган турлар форум нима учун айнан Навоийда ташкил этилганини ойдинлаштирди.

Тадбир давомида иқтисодий салоҳият жиҳатидан бу навқирон вилоят қарийб Тошкент шаҳрига тенглашишига гувоҳ бўлдик. Бу борада биргина Навоий кон-металлургия комбинатининг алоҳида ўрни бор. Зотан, корхона тизимида 60 мингга яқин ишчи меҳнат қиляпти. Асосийси, уларнинг ижтимоий ҳимоясига катта эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, тизимдаги 3 та дам олиш масканларида йилига 15 мингга яқин кончилар соғломлаштирилади. Бундан ташқари, Кармана туманида жойлашган сиҳатгоҳда ҳар 15 кунда 200 киши тиббий текширувлардан ўтиб, зарур муолажа олишади. Медиафорум иштирокчилари тадбир доирасида бу ердаги шароитларга амалда гувоҳ бўлишди.

Республиканинг барча вилоятларидан келган ўзбек медиаси вакиллари Навоий вилояти иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш борасидаги бошқа қатор лойиҳалар билан ҳам танишди. Буларнинг барчаси давлат раҳбарининг ташаббуси улуғ мутафаккир номи берилган ҳудудда изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилаётганини исботлади. Вилоят ҳокимининг форум иштирокчиларини расмий қабул қилиши ҳудудда очиқлик сиёсати "хўжа кўрсин" учун эмаслигини кўрсатди. Ёшлар марказида маҳаллий бюджетдан 3 миллиарддан кўпроқ пул сарфлаб ташкил этилган медиамарказ эса бу фикрни амалда мустаҳкамлади. Марказда форум иштирокчилари ўзбек масс-медиаси дарғалари мастер-классида иштирок этди.

***

Мухбиримиз (чапда) Мурунтов конида Марказий кон бошқармаси ўқув маркази устаси, Ўзбекистон Қаҳрамони Фарҳод Сойипов билан.