Республикада дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 4599 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган: Энг кўп ҳолат Тошкент шаҳрида
Ўзбекистонда 2022 йил давомида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 4599 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. Уларга нисбатан 7,3 млрд. сўм маъмурий жарима ва 10 млрд. сўм табиатга зарар белгиланган. Шу жумладан, ўтган йилда жами 1777 туп қимматбаҳо ва кўп йиллик дарахтлар кесилган.
Вазият таҳлил этилганда, қурилиш объектлари атрофини ўраб олиш натижасида дарахтларнинг қаровсиз қолиши, шикастланиши ва нобуд бўлиш ҳолатлари содир этилаётганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида давлат экологик экспертизаси объектлари қаторига барча турдаги қурилишлар учун ер участкаларини ажратиш материаллари ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларининг барча турлари киритилган. Бироқ, масъуллар томонидан биргина Тошкент шаҳридаги қурилиш объектлари хатлов қилинганида ер ажратиш билан боғлиқ 2019 йилда 235 та, 2020 йилда 89 та ва 2021 йилда 99 та объектга ўрганилмасдан ва давлат экологик экспертизасининг хулосаси олинмасдан қурилишга ер ажратиб берилганлиги ва қурилиш лойиҳалари ишлаб чиқилганлиги аниқланган.
Қайд этилганидек, республика бўйича 500 дан зиёд қурилиш объектлари атрофи ўраб олинган бўлиб, уларда 24 мингга яқин дарахтлар тақдири хафв остида қолмоқда. Афсуски, бир қатор қурилиш объектларида дарахтларни кесиб ташлаш ҳолатлари содир этилган.