Республикада нега бензин нархи қимматлашмоқда? Вазирлик изоҳ берди

Нима учун турли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин бир нархда сотилмайди? Масалан, олиб кирилаётган бензин партияси ўзимизнинг бензиндан арзонроқ бўлиши ҳам мумкин. Ушбу саволга Энергетика вазирлиги жавоб берди.

Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб хўжалик юритувчи субъектлар, жумладан, АЁҚШлар бензинни биржа савдолари орқали сотиб олмоқда. Бензин нархлари турли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида фарқ қилиши мумкин. Чунки бу ҳар бир АЁҚШ томонидан қанчага сотиб олинганига боғлиқ.

Шу тариқа, бензин нархининг шаклланиши Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ёки бошқа давлат тузилмаларига эмас, балки ишлаб чиқарувчи (маълум бир нефтни қайта ишлаш заводи)нинг бошланғич баҳоси, таклиф (биржа савдоларига қанча бензин қўйилган) ва унга бўлган талаб (харидорлар қанча сотиб олиши)га боғлиқ.

№ПҚ-4664 сонли қарор қабул қилинмасдан олдин Ўзбекистонда турли маркадаги бензин ва дизель ёқилғиси чакана нархлари давлат томонидан тартибга солинар эди. 1 майдан бошлаб, яъни мазкур бозор механизми жорий этилгандан буён ўтган ярим йилдан ортиқ вақтда маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводлари автомобиль бензинини фақат биржа савдолари орқали сотмоқда.

Импорт қилинган бензин партиялари ҳам савдолар орқали сотилади ва агар бундай бензин Ўзбекистонга олиб кирилиб, ҳақиқатдан ҳам савдоларга анча паст нархда қўйилиши мумкин. АЁҚШлар бундай бензинни бу партия тугамагунча сотишлари мумкин. Бу ерда сўз бир марталик етказиб бериш ва импорт қилинаётган бензин етказиб берувчининг ҳар бир партияга оид келишуви тўғрисида сўз бормоқда. Бу бозор муносабатларидан далолатдир. Бунда худди шу АЁҚШ томонидан қандай бензин қандай нархда сотилиши фақат биржага боғлиқ бўлади.

Шу тариқа, бензин ва дизель ёқилғисини сотишнинг бозор механизми нефтни қайта ишлаш заводлари ва АЁҚШларга соғлом рақобат шароитида фаолият юритиш имконини беради. Таъкидланганидек, ҳозирги вақтда бензин нархининг ошиши ёки камайиши маълум бир талаб ва таклифга боғлиқ. Хусусан, бозор механизми жорий этилганидан сўнг, 3 майнинг ўзидаёқ «Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси» АЖда ўтказилган савдолар савдога қўйилган бензин нархи тушганини кўрсатди.

Биржа савдоларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть базалари, автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчалари ва ўз эҳтиёжи учун бензин сотиб олувчи юридик шахслар иштирок этади. Савдолар эркин, шаффоф ва барча тоифадаги харид қилувчилар учун тенг шароитда ўтказилади.

Бензинни сотишда бозор механизмининг жорий этилиши мазкур жараённинг шаффофлигини кучайтирди, дейилади вазирлик жавобида.

Маълумот ўрнида, биржа котировкалари ёки биржа савдолари орқали сотилаётган товар ресурсларига ўртача нархлар ҳар ҳафта белгиланади ва “ЎзРТХБ” АЖ веб-сайти - www.uzex.uz да ҳафтанинг душанба куни 17:00 гача чоп этилади.