Россия мамлакатда йирик лойиҳани амалга ошириш учун ўзбекистонлик ишчиларни жалб қилади
Гап Россиянинг Шарқий полигон лойиҳаси ҳақида бормоқда. Уни амалга ошириш учун Россия ҳукумати Ўзбекистон, Беларусь ва Қирғизистондан қурувчиларни жалб қилишни режалаштираётгани маълум қилинди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллиннинг сўзларига асосланиб, «ТAСС» хабар берди.
Маълум қилинишича, бош вазир ўринбосари ушбу режа тўғрисида Россия президенти Владимир Путиннинг ҳукумат аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувида маълум қилган ва лойиҳанинг амалга оширилишига Россия темир йўллари таркибидаги меҳнат ресурслари ҳам сафарбар этилишини айтган.
«Биз Беларусдан ишчилар, Ўзбекистон ва Қирғизистондан эса мутахассис-ишчиларни лойиҳага жалб этиш борасида ариза топширдик. Ҳозирда ушбу ишчи кучларини тезда олиб келиш учун Татьяна Голикованинг комиссияси билан ишлаяпмиз», дея қайд этган Хуснуллин.
Унинг таъкидлашича, айни пайтда лойиҳада 11 минг киши ишлаётган бўлиб, Россия темир йўллари бу кўрсаткични июль–август ойларида 15 минг кишига, йил охирига қадар эса 20 мингдан ортиқ кишига етказиши керак.
Шарқий полигонни модернизация қилиш Россиядаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири ҳисобланиб, лойиҳанинг биринчи босқичи 2021 йилда БAМ (Байкал–Aмур магистрал линияси) ва Транссиб (Транс–Сибир темир йўл тармоғи)нинг денгиз портлари ва Узоқ Шарқнинг чегара ўтиш пунктлари орқали юк ташиш ҳажмини 144 миллион тоннагача оширилишини назарда тутади. Иккинчи босқични амалга ошириш эса 2024 йилгача автомобиль йўлларининг ўтказувчанлигини йилига 180 миллион тоннага етказади.