Россия қўшиб олинган ҳудудларда ҳарбий ҳолат жорий қилмоқда
Россия президенти Владимир Путин 20 октябрдан бошлаб Украинанинг аннексия қилинган тўртта вилоятида ҳарбий ҳолат жорий этилиши ҳақидаги фармонни имзолади. Гап Донецк ва Луганск халқ республикалари, Запорожье ва Херсон вилоятлари ҳақида бормоқда.
"Мен Россия Федерациясининг ушбу тўртта субъектида ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзоладим. У дарҳол Федерация Кенгашига тасдиқлаш учун юборилади ва қарор ҳақида Давлат Думаси хабардор қилинади", деди Путин кеча, 19 октябрь куни Хавфсизлик Кенгашининг видеоконференция орқали ўтказилган йиғилишида.
Бундан ташқари, Путин Россия вилоятлари раҳбарларига хавфсизликни таъминлаш учун қўшимча ваколатлар берилишини маълум қилди.
«Россия Федерациясининг Краснодар ўлкаси, Белгород, Брянск, Воронеж, Курск ва Ростов вилоятлари каби чегарадош ҳудудларида, шунингдек, Россия томонидан аннексия қилинган Қримда "ўртача жавоб даражаси", Марказий федерал округ ва жанубий федерал округнинг бошқа ҳудудларида "юқори тайёргарлик даражаси" жорий этилади», дейилади Россия президентининг фармонида.
Қайд этилишича, ҳудудлар ҳукумати хавфсизликни яхшилаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш бўйича штаблар тузиши мумкин.