Россия ТИВ матбуот котибининг Ўзбекистонга нисбатан айтган гаплари самимий эмас

Яқинда Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистонда давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиловчи қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига тақдим этилган эди. Ундаги қоидалар жуда содда ва тушунарли: Агар давлат ташкилоти фаолият ва бизнес фаолиятини амалга оширишда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига амал қилмаса, мазкур ташкилотнинг мансабдор шахси маъмурий жазога тортилади.

Жазо фақат вазир, ҳоким, қўмита раиси, раҳбари ва бошқа лавозимдаги давлат ташкилоти мансабдор шахсига нисбатан қўлланилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқаролари давлат ташкилотларига ҳар қандай тилда мурожаат қилиши, одамлар билан истаган тилида мулоқот қилиши мумкин ва бунга ҳеч қандай тўсиқлар ва жазо мавжуд эмас.

Давлат ташкилотларида ишлайдиган турли тилларда сўзловчи, бошқа миллатга мансуб фуқаролар истаган тилларида гаплашишлари ва ўз фаолиятларини истаган тилларида олиб боришлари мумкин. Бунга ҳеч қандай тўсиқ ва эътирозлар йўқ. Давлат органларининг расмий ҳужжатлари бошқа тилларда ҳам юритилиши мумкин.

Қонун лойиҳасида давлат органлари ва ташкилотлари “давлат тилини ҳурмат қилиши” кераклиги белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон мустақил давлат ва ўз тили, ўз қадриятлари, ўз қонунлари ва ўз ривожланиш йўлига эга. Шундай экан, давлат ташкилотлари мансабдор шахслари ўзбек тилини билишга ва ҳурмат қилишга, шунингдек, давлат тилидан фойдаланиши учун масъулиятни ҳис қилишга мажбурдирлар.

Ҳукумат ҳеч қачон бошқа тилларда сўзлашувчи Ўзбекистон фуқароларини қандай миллат, қайси тил, қайсин динга мансублигидан қатъий назар, жазоламайди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби М.Захарова расмий минбардан туриб, “...рус тили расмий тил бўлишини кўпчилик ўзбеклар истаётгани ва қонун лойиҳасининг тарафдорлари орасида депутатлар ва аҳоли вакиллари камчиликни ташкил қилиши” тўғрисида муносабат билдирди.

Қайси маълумотлар базаси мазкур қонун лойиҳаси тарафдорлари озчиликни ташкил этиши тўғрисидаги тезисни тасдиқлайди?

Афтидан Россиянинг обрўли давлат идорасининг расмий вакили ҳозиргача ўзи суверен давлат қонун лойиҳаларига изоҳ бериш ўрнига, текширилмаган, осмондан олинган маълумотлардан фойдаланишда мунтазам равишда айблаб келаётган таниқли россиялик мухолифат блогери билан бўлаётган қарама-қаршиликлар доирасида қолиб кетмоқда ёхуд ҳанузгача ундан узоқлаша олмаяпти.

Дарвоқе, бевосита ТИВ департаменти бошлиғи ваколатлари доирасига кирмайдиган ишни қилгандан кўра, бизнинг мамлакатимизда рўй бераётган жараёнларни, ўзгаришларни, шу жумладан, Россия ва бошқа давлатлар билан амалга оширилаётган ижобий муносабатларни чуқурроқ таҳлил қилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Айнан шу бугун Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида Совет иттифоқи қаҳрамони, Италия миллий қаҳрамони Ф.Полетаевга ўрнатилган ҳайкал қайта тикланди.

Мана, сизга халқимизнинг асл руҳияти ва менталитети тўғрисидаги минглаб мисолларнинг биргина намунаси. Саволлар кўп, лекин биз Россия расмий вакилини асоссиз расмий баёнот беришда айблашни истамаймиз. Чунки у тайёр тезисни ўқиди холос...

Аммо унинг Ўзбекистонга нисбатан айтган гапларининг самимийлиги шубҳа уйғотади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мен ва менинг ҳамкасбларим шуни ишонч билан айта оламизки, бизнинг депутатларимиз ва сенаторларимиз умумхалқ муҳокамаси асосида давлат тили устуворлиги, мавқеини мустаҳкамлайдиган қонун лойиҳасини, албатта қабул қиладилар ва маъқуллайдилар.

Елена КОМПОЛЬЩИК,

Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.