Россияда коронавируснинг янги тўлқини авж оляпти

Бугун дунёнинг қатор мамлакатларида пандемиянинг янги тўлқини авж олиши оқибатида коронавирус билан касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари ортиб бормоқда.

Жумладан, Россия Федерациясида кеча, 26 октябрь ҳолатига кўра, бир кеча-кундузда 36 минг 446 кишида COVID-19 вируси аниқланган ва улардан 1 минг 106 нафари ҳаётдан кўз юмган.

Табиийки, ушбу ҳолат барчани жиддий хавотирга солмоқда. Ўз навбатида, вазиятнинг бу қадар аянчли тус олишига сабаб бўлган омиллар таҳлил қилиняпти.

Россиядаги етакчи илмий-тадқиқот институтларидан бирининг лаборатория раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Михаил Костиновнинг маълум қилишича, ҳаммаси мамлакатда коронавирусга қарши жамоавий иммунитет шаклланмагани билан боғлиқ. Чунки бу ерда аҳолини эмлаш даражаси паст.

Костиновнинг сўзларига кўра, Россияда COVID-19 га қарши учта вакцина қўлланиляпти. Бироқ аҳоли орасида эмланишни хоҳламаётганлар ёки пайсалга солаётганлар кўп. Оқибатда улар вақт ўтиб, ушбу касалликка чалиняпти. Шу туфайли вируснинг янги мутациялари пайдо бўлиши учун имконият ҳам юзага келмоқда.