Россияда меҳнат мигрантлари учун квоталар қисқартирилдими?
Баъзи оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Россия Федерацияси ҳукуматининг 2020 йил 6 ноябрдаги № 2883-р фармойиши меҳнат мигрантлари учун квоталарнинг қисқариши маъносида нотўғри талқин қилинмоқда.
Шу муносабат билан Ташқи меҳнат миграцияси агенлиги қуйидагиларни маълум қилди:
Аввало таъкидлаш жоиз, Россия бош вазири томонидан қабул қилинган мазкур квоталар меҳнат мигрантларига эмас, балки чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Россияда вақтинча яшаш учун бериладиган рухсатномаларга (РВП) тааллуқли. Яъни, квотанинг патент олишга таъсири йўқ.
Мазкур фармойишга кўра, 2021 йилда чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Россияда вақтинча яшаш учун жами 39 325 та, жумладан, ҳудудлар кесимида рухсатнома бериш белгиланган.
Россия иқтисодиётига хорижий ишчи кучини жалб қилиш параметрлари эса соҳа ва ҳудудлар кесимида Ҳукуматнинг алоҳида қарори билан белгиланади. Масалан, 2020 йил учун бундай қарор қабул қилинган, 2021 йил учун хорижий ишчи кучини жалб қилиш параметрлари ҳали белгиланмаган.