Россияда мигрантлар учун портал ишга тушди

Россиянинг Оренбург областида Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирлари учун портал ишга тушди.

Оренбургда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган хорижлик ишчиларга ёрдам бериш мақсадида яратилган «ОренМигрант» интернет порталининг тақдимоти бўлиб ўтган. Порталда Россияга кириш ва бўлиш тартиби, ишга жойлашиш, тиббий ёрдам ва таълим олиш имкониятлари, Россия жамиятида ўзини тутиш қоидалари, полиция билан ўзаро муносабатлар, қонунни бузганлик учун жавобгарлик, фойдали маслаҳатлар ва алоқа ҳақида маълумотлар мавжуд.

Сайт ҳозирда рус тилида очилган бўлса-да, кейинроқ унга қирғиз, тожик ва ўзбек тилларига таржималар функцияси қўшилади. Оренбург вилояти минтақавий ва ахборот сиёсати вазири ўринбосари Роман Цуканов веб-сайт асосида мигрантлар учун мобиль илова ишлаб чиқишни истиқболли деб ҳисоблаган.