Россияда ўзбекистонлик наркодилер ушланди
«Московский комсомолец» хабар беришича, Россиянинг Кострома областида наркотик моддаларни етказиб бериш билан шуғулланган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди.
Қўлга олиш чоғида эркакнинг автомобилидан умумий оғирлиги 350 грамм бўлган героин, шунингдек, оғирлиги 85 грамм бўлган метадон топилган. Айни пайтда ўзбекистонлик эркакка нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилмоқда.
Таъкидланишича, эркакка нисбатан «Гиёҳванд моддаларни йирик миқдорда ноқонуний сотишга уриниш» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир этиш ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилишга олиб келади.