Россиядаги меҳнат мигрантлари бугундан патент расмийлаштириши зарур

Коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши хавфи муносабати билан 2020 йил 18 апрелда қабул қилинган Россия Федерацияси Президентининг 274-сонли фармонига мувофиқ, мамлакат ҳудудида чет эл фуқароларининг қонуний бўлиши ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатлар, шу жумладан патентларнинг амал қилиш муддати 2020 йил 15 июнгача узайтирилган эди.

Россия Президентининг 2020 йил 15 июндаги 392-сонли фармони билан киритилган ўзгартиришларга кўра, бугундан, яъни 16 июндан бошлаб Россия Федерацияси ҳудудида чет эл фуқароларининг ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома, шу жумладан патент расмийлаштириш зарур бўлади.

Шунингдек, фармон билан:
- чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясида вақтинча бўлиш, вақтинча ёки доимий яшаш, яшаш жойида рўйхатда туриш муддатлари 2020 йилнинг 15 сентяригача тугаши кўзда тутилган бўлса, ушбу муддатларни тугатмаслик;

- Россия Федерациясидан маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатдан ихтиёрий чиқиб кетиш, депортация қилиш муддатларини 2020 йилнинг 15 сентябрига қадар узайтириш белгиланган.