Россиядан Ўзбекистонга ташкил этилаётган махсус поездларга электрон чипталар сотилмоқда
COVID-19 коронавирус пандемияси даврида Россияда қолиб кетган юртдошларимизни мамлакатимизга олиб келиш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан махсус поездлар қатнови йўлга қўйилган. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар бермоқда.
Жумладан, жорий йил октябрь ойининг 15, 18, 22, 25, 28 саналари ҳамда 1, 2 ноябрь кунлари «Волжский – Тошкент» йўналишида поездлар қатнови амалга оширилади. Ушбу поездлар Россиянинг Волжский шаҳридан жўнайди. Қайд этилишича, мазкур поездларга фақат бир томонга, яъни «Волжский – Тошкент» йўналишига чипталар сотилмоқда.
Ҳамюртларимизга чипта харид қилишда қулайлик яратиш мақсадида электрон чипталарни сотиш йўлга қўйилган. Волжскийдаги фуқароларимизнинг яқинлари Ўзбекистонда туриб «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг веб-сайти орқали, https://e-ticket.railway.uz дан чипталарни электрон тарзда харид қилиб, интернет орқали Волжскийдаги ҳамюртларимизга жўнатишлари ҳам мумкин.
Эслатма берилишича, бугунги кунда пандемия сабабли қўшни Қозоғистон Республикаси ҳамда Россия давлатлари чегара ҳудудлари очилгани йўқ. Шу боисдан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан Россия давлатида қолиб кетган фуқароларни юртимизга олиб келиш учун махсус поездлар ташкил қилинмоқда. Бу поездларга фақат Россиядан Ўзбекистонга келиш учун чипталар сотилади.
Қўшимча маълумотни Тошкент шаҳридаги 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олиш мумкин.