Россиялик депутатлар билан учрашув
Шу кунларда Россия Федерацияси Новосибирск области Қонунчилик мажлиси раиси ўринбосари Майис Мамедов бошчилигидаги депутатлар делегацияси меҳмон бўлиб турибди.
Бугун вилоят ҳокимлигида россиялик депутатлар билан учрашув ўтказилди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири С.Усмонов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев, вилоят ҳокими ўринбосари – инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи О.Ҳамроев иштирок этган учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россия минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани таъкидланди. Парламентлараро муносабатлар ҳам кенг кўламда давом этаётгани қайд этилиб, маҳаллий кенгашлар ҳамкорлигини ривожлантириш зарурлиги айтилди.
Томонлар маҳаллий кенгашлар фаолияти юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Шунингдек, учрашувда Самарқанд ва Новосибирск вилоятлари ўртасида саноат ва қурилиш соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу борада биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Россиялик депутатлар эртага Самарқанддаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолият билан танишади.