Рус Робинзони: 1847 йилда бўлиб ўтган ҳайратомуз воқеа
1847 йилда 24 яшар олифта, пойтахтлик зодагон авлодидан бўлган, истеъфодаги ҳарбий Сергей Лицисин Америкага бориш истагида Андреев байроғи остидаги кема палубасига қадам қўйди. У кема офицерлари томонидан самимий қабул қилинди. Лекин маст бўлиб, кема командирига ортиқча гапларни гапирди, матросларни йўлдан оздириб, уларни исёнга бошламоқчи бўлди. Капитан фитначининг кўзини, қўлини боғлаб, одам яшамайдиган қирғоққа тушириб кетишни буюрди. Кичкинагина мактуб ҳам ёзиб, ёнига қўйди...
Лисицин ўзига келиб қўллари ва кўзидаги боғични очиб, уфқда ғойиб бўлаётган кемани кўрди. Олиҳиммат капитан унга бир чамадон кийим-кечак, уч жуфт оёқ кийими, битта пўстин, иккита пистолет, қилич, пичоқ, бир мунча қанд ва чой, тилла чўнтак соати, бир пуд қотган нон, икки фляга ароқ, тоза ёзув дафтарлари, соч-соқол олиш буюмлари, чақмоқтош, гугурт ва ҳатто 200 дона гавана сигараларини қолдирибди.
Бунинг устига 26 зарядли милтиқ ва ёзган хатини ҳам илова қилибди:
“Қадрли Сергей Петрович! Денгиз низомига биноан қилмишларингиз учун сизни суд қилиб, ўлим жазосига ҳукм қилишимиз керак эди. Ёшлик қилганингизни ҳисобга олиб, беназир истеъдодингиз, айниқса, мен сезган, раҳмдиллигингиз туфайли ҳаётингизни сақлаб қоламан... Ёлғизлик ва муҳтожлик бадбахт хулқ-атворингизни яхши томонга ўзгартиришини чин юракдан тилаб қоламан. Вақт ва мулоҳаза сизга менинг хайрихоҳлигимни қадрлашга ўргатади ва агар тақдир тақозоси билан яна учрашиб қолсак, душман сифатида учрашмаймиз, деб умид қиламан. А.М.”.
Лисицин ҳаётида ўз қўли билан ҳеч нима қилмаган. Уйда унга крепостнойлар, полкда эса аскарлар хизматда бўлган. Кема Охот денгизи бўйлаб сузаётганини билиб туриб, у ўзини Алеут ёки Курил соҳилларидаги қуруқлик қисмларининг бирида қолдирилган, деб умид қилди. Кейинчалик унинг аҳволи ишонарли эмаслигига амин бўлди. Чунки тақдир уни икки денгиз қуршовида қолдирган эди. Олдиндан совуқ денгиз тўлқинлари шовуллар, орқада эса “ям-яшил денгиз” – қуюқ ўрмон гувилларди. Ўрмонда эса айиқлар, бўрилар, силовсин ва заҳарли илонлар яшайди.
Бир ҳафтада “Рус Робинзони” ўзига печкали уй қурди, мебель ясади. Ўқ ва патронларни тежаш мақсадида камон ва найза ҳам созлади ва жуда тўғри қилган экан. Қишда унинг уйига бўрилар тўдаси келди - милтиқдан ўқ узиб, 8 йиртқични ўлдирди. Ундан олдин эса айиқни ўлдириб, ўзига иссиқ пўстин ва айиқ гўшти ғамлаб қўйди. Балиқ овлади, қўзиқорин териб, қуритиб қўйди.
12 апрель куни Сергей Лисицин баҳорги қаттиқ шторм оқибатларини кўздан кечириб, соҳил бўйлаб айланиб юрганида юз тубан ётган, ҳолсиз, ҳушсиз бир кишини кўриб қолди. Бадбахтнинг исми Василий бўлиб, у рус Америкаси (Россиянинг ўша пайтдаги губернияларидан бири) томон сузаётган кема тешилиши оқибатида ҳамма ундан қочиб қутулиб, у ўғли билан унутилиб қолдирилган йўловчи экан...
Яқин атрофдан кемани топиб олишди. Унда Василийнинг 16 яшар ўғлидан ташқари, икки кавказ овчаркаси, мушуклар, 8 зотли буқа, 16 та ҳўкиз, 26 та қўй, озиқ-овқат, арпа ва жавдар уруғи, қурол-аслаҳа, телескоп, 2 та дурбин, самовар, қуриш ва полиз асбоблари бор эди.
Етти ойлик ёлғизлик зодагоннинг попугини бутунлай пасайтириб қўйганди. Бундай хўжалик ва икки бақувват моҳир қўлли йигит билан ёз давомида улар нафақат уй ва ҳаммомни янгилаб олишди, ёғ, қаймоқ, пишлоқ ва творог қилишни ҳам ўрганишди. Ерни ҳайдаб, арпа ва жавдар ҳосили тўплашди. Кўп миқдорда денгиз ва дарё балиғи овлашди. Ўрмон кўкати ва мевалари, қўзиқорин териб ишлов беришди. Хуллас, меҳнат коммунаси бўлиб яшай бошлашди.
...1857 йилда ёзувчи Александр Сибиряков Приамурьенинг мис ва тилла конларининг меҳмондўст хўжайини Сергей Лисицин билан учрашди. Мис рудаси ва олтин конларини у ўзи ёлғиз бўлган пайтлари топиб қўйганди. Ҳукумат уни шу ерларнинг бошқарувчиси ҳам этиб тайинлаганди. “Жумавой” Василий эса унинг доимий ҳамроҳи эди. Унинг ўғли Москва университетида таҳсил оларди.
Лисициннинг ҳисобидан Петербург университетида қачонлардир бузғунчи ҳарбийни одам яшамайдиган соҳилга ташлаб кетган кема командирининг икки ўғли ўқирди. Бадавлат бўлганидан кейин Сергей Лисицин кекса чолни излаб топди, уни охирги сафарига кузатиб қўйди ва болаларига ғамхўрлик қилди.
Николай СИБИРЯКОВ.
Б.МУҲАММАДИЕВА таржимаси.