Садоқатли дўст, фидойи раҳбар Акобир Матлубовни ёд этиб
1955 йил 1 февралда Самарқандда туғилган Акобир Аҳмедович кўҳна кентнинг зиёлиларидан бири эди. Маърифатлилар сулоласининг анъаналари умрининг охиригача унга ҳамроҳ бўлди. Шу сабабли орамизда бўлмаса-да, давраларда унинг номи ҳамиша тилга олинади, эзгу фазилатлари, қилган яхшиликлари, савоб ишлари эсланади.
А.Матлубов Самарқанд давлат университетини битиргач, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ўқитувчилик қилди. Талабаларга дарс бериш баробарида илмий изланишлар билан ҳам шуғулланди, номзодлик ишини ёқлади, жамоада чинакам зиёли сифатида шаклланди.
Акобир чорак аср институт қошидаги академик лицейни бошқарди. Касбига садоқати, юксак инсоний фазилатлари, ташкилотчилик қобилияти туфайли бу лицейни нафақат мамлакатдаги, балки Марказий Осиёдаги энг илғор илм масканлари даражасига олиб чиқди. Бу ўқув даргоҳининг ўқувчилари деярли ҳар йили аниқ фанлар бўйича халқаро олимпиада ва танловларда ғолибликни эгаллаб келди, институтга минглаб иқтидорли талабаларни етиштириб берди. Улар Зулфия номидаги Давлат мукофотига, нуфузли стипендияларга сазовор бўлди. Ўша иқтидорлиларнинг айримлари бугун ўзлари таҳсил олган лицейда ёшларга таълим бермоқда.
Акобир Аҳмедович вилоятда фаолият кўрсатаётган коллежлар ва академик лицейлар раҳбарлари ўртасида катта ҳурматга эга эди. У ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаш, ўқитувчи ва техник ходимларни рағбатлантириш, ўқувчиларга руҳий далда беришда барчамизга ибрат кўрсатди.
Оқибати кучли инсон эди, ҳар қандай мушкулотда таниш-билишларини ҳам ёлғизлатиб қўймасди. Бемор ҳамкасбларини йўқлаш баробарида бизни ҳам бундай савобли ишларга ундарди. Шу сабабли ҳозирги кунда ҳам давраларимизда Акобир дўстимизни худди ёнимиздагидек ҳис қиламиз.
Саидаҳмад Усмонов.